Унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда

Азиз ёшлар!

Барчангизни бугунги байрам — Ёшлар куни билан ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят Кенгаши номидан, шахсан ўзим номимдан чин дилдан қутлайман!

Бугунги кунда вилоятимизда барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда минглаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида муҳтарам Юртбошимиз бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда.

Азиз ёшлар! Ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда.

Шу ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш — дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!

Азиз ёшлар, бугунги байрамингиз муносабати билан Ўзбекистонимиз равнақи, ривожи учун улкан ҳисса қўшадиган янги авлод бўлиб етишишингизга, шунга бор кучингизни сарфлашингизга, юртимиз равнақи учун ёниб яшашингизга тилакдошмиз!

Шерали Юлдашев