Ургут мактабларидаги муаммоларни ким бартараф этади? Сектор раҳбарими, халқ таълими мудирими ёки директор?

48-умумий ўрта таълим мактабига кириш қисми ободонлаштирилган. Мактаб ҳовлисида анчагина фойдаланиш мумкин бўлган ер майдони эса қақраб ётибди.

Бино ичкарисида қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Фойеларда ёритгич чироқлари йўқ, айрим жойларда электр симлари очиқ ҳолда турибди. Дераза ойналарининг синган қисми скотчлаб қўйилган. Иситиш трубалари абгор, ишламайди.

Компьютер хонасидан бошқа синфхоналарга қуёш нурини қайтарувчи пардалар ўрнатилмаган. Кимё хонасидаги жўмраклардан сув келмайди, канализация қувурлари яроқсиз ҳолга келган. Лаборатория хонасида ҳам сув жўмраклари синиб, яроқсиз ҳолга келган. Спорт залининг дераза ойналари йўқлиги боис шиша ўрнига бўз тортиб қўйилган. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, қиш кунлари бу хоналарни иситиш учун қанча кўмир сарфлаш мумкин?

Ҳудуднинг олд қисми темир панжаралар билан тўсилган, аммо орқа томонда 110 метр жой очиқ. Аҳолининг бемалол, ҳатто эшак билан ўтиб кетаётганини учратдик. Шунингдек, муассаса ҳудудида аҳолига тегишли трансформатор қурилган. Унинг атрофи ҳеч қандай тўсиқ билан ўралмаган. Футбол майдонида тикан ва тошлар қалашиб ётибди.

Мактаб директори Ғиёсиддин Раҳимовнинг айтишича, мазкур муаммолар бўйича тегишли ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилинса-да, бу ердаги ҳолатга ечим топиб берадиган одам топилмаган.

Кузатилган камчиликлар юзасидан сектор раҳбари – туман прокурори Улуғбек Ҳамдамов билан боғландик.

– Мактабнинг атрофи ўралмагани боис собиқ директор устидан жиноят иши қўзғатилди ва уни жавобгар қилиб, судга бердик, – деди У.Ҳамдамов. – Ҳозир мен "командировка"даман, қўлимда ҳужжат йўқ. Бу бўйича сиз билан ёрдамчим боғланиб, маълумот беради.

Сектор раҳбарининг гапидан сўнг унинг ёрдамчисини қўнғироқ қилиб қолар деб роса кутдик. Бироқ на ёрдамчи бизга телефон қилди ва на У.Ҳамдамов билан боғлана олдик.

35-умумий ўрта таълим мактаби катта йўл ёқасида жойлашган экан. Шундай бўлса-да (Одатда бундай жойдаги мактаблар хўжакўрсин учун бўлса ҳам тоза ва озода бўлади), ҳудудда умуман ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Мактабнинг бир томонида хас-хашакларнинг уюлиб ётгани киши таъбини хира қилади. Энг ачинарлиси, спорт майдонларига ҳеч ким эътибор қаратмаган. У ердан фақат мол боқиш учун фойдаланилганини ўтлаб юрган моллардан ҳам билиш мумкин.

Орадан ўн беш дақиқалар ўтгач, муассаса раҳбари Суннатулло Халилов кириб келди. Унинг айтишича, 620 ўринга мўлжаллаб қурилган мактабда янги ўқув йилидан 1270 нафар ўқувчи уч сменада таҳсил оларкан.

Синфхоналар мавсумга тайёр эмас. Аксарият хоналарнинг ёритгич чироқлари ишламайди, парталарни чанг босган. Кўп хоналар талаб даражасида эмас шекилли, директор очиб бермади ва "Менда калитлар йўқ", дейишдан нарига ўтмади.

– Ҳудуд девор билан тўлиқ ўралмаган, – дейди С.Ҳалилов. – Мазкур ва бошқа муаммолар бўйича туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлимига бир неча марта учрашдим, аммо фойдаси бўлмаяпти.

Мактабда кузатилган муаммолар бўйича сектор раҳбари – туман ҳокими Маматжон Турдиев билан боғланганимизда "Мактаб таъмири дастурга киритилган, амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўриб чиқиляпти", деди ва бизга туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Исроил Жабборовнинг маълумот беришини айтди. Ўринбосардан эса туман мактабларидаги камчиликлар босқичма-бос­қич, навбати билан бартараф этилиши ҳақида жавоб олдик, холос.

36-умумий ўрта таълим мактабида янги ўқув йили учун тайёргарлик ишлари мутлақо олиб борилмаган. Айрим ишлар "бўлади-да" қабилида амалга оширилган. Ободонлаштириш ишлари ҳақида мутасаддилар ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак. Атроф бегона ўтлардан тозаланмаган, пала-партиш ётган нарсалар талайгина. Спорт майдонига асфальт қопланган. Ҳудуднинг 215 метр жойи очиқ, аҳоли бемалол юрибди.

Бино деворларининг ёрилиб, нураш арафасидаги жойлари бор. Деразаларнинг айримлари ойна ўрнига тунукалар билан қопланган.

Айрим синфхоналарни кўра олдик. Уларни янги ўқув йилига тайёр деб бўлмайди. Масалан, кимё хонасида ҳеч қандай тажриба олиб бориш учун шароит йўқ. Сув жўмраклари ўрнатилмаган, канализация трубаларига чиқинди кириб, тўлиб қолган. Бошқа хоналарни эса директор бизга кўрсатишни истамади. Осонгина қилиб, "Калити йўқ эди-да", дея вазиятдан чиқишни маъқул кўрди. Баъзи очиқ қолган хоналарни кўришимизни хоҳламади ва қаршилик кўрсатишга ўтди.

Мактабда ўқув жараёни учта бинода ўтилар экан. Бошланғич синфлар учун мўлжалланган инглиз тили хонасига амаллаб кирдик. Синфхонада электр чироқлари ўрнатилмаган, шкафларда чиқинди йиғилиб қолган, баннерлар пала-партиш қалашиб ётибди.

– Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун моддий маблағимиз йўқ, – дейди муассаса директори Моҳира Мамадалиева. – Тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдим, аммо ҳеч ким менга ёрдам беришни истамаяпти. Ҳар доим "Қилиб берамиз", деган гапдан нарига ўтишмайди.

Мазкур мактаб сектор раҳбари – туман ҳокими Маматжон Турдиевнинг ҳудудида жойлашган.

30-умумий ўрта таълим мактабидамиз. Муассасада ободонлаштириш ишларини олиб боришга ҳаракат қилинган. Бироқ 480 ўринга мўлжаллаб қурилган мактабда янги ўқув йилидан бошлаб 1442 нафар ўқувчига уч сменада дарс ўтилади. Мактаб директори Салоҳиддин Ҳотамовнинг айтишича, ўқув йили бошланиши билан 11 та синф ўқувчиларини бир ярим километр узоқликдаги Ғўс маиший хизмат ва сервис касб-ҳунар коллежига бориб ўқиши режалаштирилган. Қизиғи, 5 дақиқалик танаффус вақтида ўқитувчи мактабдан коллежга ва коллеждан мактабга бориб улгуриши керак. Савол туғилади. Бунинг иложи бормикан?

Бу мактабда ҳам ўқув жараёни учта бинода амалга оширилади. Хоналарнинг етишмагани боис директор қизларнинг спорт зали ёнидаги ювиниш хонасида, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари эса қизларнинг кийиниш хонасида иш олиб боряпти.

Янги ўқув йили бошланай деб турибди-ю, бироқ синфхоналарда тайёргарлик ишлари йўқ. Директор ҳам юқоридаги муаммолар сабаб қўли ишга бормаслигини таъкидлади. Бошланғич синф­ларнинг дарс ўтадиган бино хоналаридаги аҳвол кишини ваҳимага солади. Бир пайтлар тиббий муассаса бўлган хоналарда бугун ўқувчилар билим оляпти. Поллари аллақачон синиб, яроқсиз ҳолга келган. Дераза ойналарига пол бўёқлари суртилгани боис хонада ҳеч нарсани кўришнинг иложи йўқ. Ҳатто электр чироқлари ҳам ўрнатилмаган.

– Бу хоналарда қишин-ёзин болаларга дарс ўтаман, – дейди ўқитувчи А.Ўроқов. – Ўтган йили полнинг орасидан илон ўрмалаб чиқди. Очиғи, ўзим ҳам шу хонада ўтириб, дарс беришга чўчиб тураман. Чунки бир-неча марта чаён ва бош­қа турдаги қўрқинчли ҳашаротларни ушлаб, ўлдирган жойларим бўлди. Яна бир ташвишли томони – 18 нафар ўқувчига мўлжалланган хонада 30 нафар болага дарс бераман. Негаки, хоналар етишмайди, бошқа иложимиз йўқ.

Мазкур хоналарнинг том қисми ҳам аянчли ҳолга келиб қолган, тирқишлардан хас-хашаклар тушган. Умуман олганда, бино авария ҳолатида. Бизнингча, ота-оналар фарзандларининг шу хоналарда ўқишини билмайди, билганлари ҳам мажбуран ўқитаётган бўлса ажабмас.

– Сектор раҳбари бирор марта келиб, камчилик ва муаммоларимиз билан қизиққан эмас, – дейди муассаса раҳбари С.Ҳотамов. – Бормаган жойим, кирмаган эшигим қолмади, қоп-қоп ваъдаларни эшитяпман, аммо натижа йўқ. Тўғриси, кимга учрашишни билмай қолдим.

Муассасадаги камчилик ва муаммолар юзасидан сектор раҳбари – туман ИИБ бошлиғи Акрам Ҳалимов билан боғландик.

– Бугун-эрта шаҳарга катта меҳмонлар келяпти, ўшанга тайёргарлик кўряпмиз, – дейди А.Ҳалимов. – Эртадан мактаб билан шуғулланамиз, ўзимиз қиладиган иш-ку, муаммолар ҳал бўлади.

Бор гап шу. Яхшиям Ургутда бир кун бўлдик ва бор-йўғи тўртта мактабдаги аҳволни ўргандик…

Абдужаббор ПЎЛАТОВ,

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ,

"Зарафшон" мухбирлари.