Ургут туманининг Булунғур, Жиззах вилояти ва Тожикистон билан чегарадош маҳалласида аҳвол қандай?

  • Аҳолининг ишсизлик, ичимлик суви, йўл муаммоси босқичма-босқич бартараф этиляпти.
  • Томорқаларда “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида пиёз етиштирилади.
  • Мактаб биносидаги фавқулодда вазиятларда чиқиш мумкин бўлган йўллар берк.
  • Газеталар вақтида етиб бормаяпти.
  • Стадион хас-хашаклардан тозаланмаган.
  • Мактабгача таълим ташкилоти хоналарининг иссиқлиги кўнгилдагидек эмас.

Ургут туманининг Раҳматобод маҳалласида бўлиб, ана шундай ҳолатларга дуч келдик.

Энди аҳоли каналдан сув ичмайди

Маҳалла туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган бўлиб, Булунғур тумани, Жиззах вилояти ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Аҳолининг аксарият қисмини узоқ вақтдан бери ишсизлик, ичимлик суви, электр энергияси ва йўл муаммолари қийнаб келарди. Кейинги йилларда бу масалаларга ечим топилмоқда.

- Икки йил ичида маҳалламиз асосий йўлларининг 2 километри асфальтланди, - дейди “Раҳматобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокир Эшонқулов. – Тупроқ кўчларимизга шағал ётқизилди. Сарой қишлоғи аҳолиси ичимлик сувини узоқ масофадан ташиб келарди, айримлари эса маҳалла ҳудудидан оқиб ўтган канал сувидан истеъмол қилишга мажбур эди. Ўтган йили янги сув иншооти қурилиб, 100 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Маҳалламиздаги тадбиркорлардан бирининг ҳомийлигида артезиан қудуғи қазилиб, яна 70 та хонадоннинг ичимлик суви муаммоси бартараф этиляпти.

- Маҳалламизда ўзгаришлар катта, муаммоларга ечим топиляпти, - дейди меҳнат фахрийси Аҳрор Орипов. – Аҳоли фаровонлиги ошмоқда. Томорқаларда асосан пиёз етиштирилади. Ўтган йили оддий бир хонадон эгаси пиёздан камида 30 тоннагача ҳосил олди.

Имтиёзли кредитлар ёшларга имконият яратди

Маҳаллада ҳоким ёрдамчиси фаолият бошлагандан бери 37 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилиб, ўнлаб ишсизлар бандлиги таъминланди. Рамазон Аҳмедов мактабни битирганига тўрт йил бўлган. Шу вақт давомида уни ишсизлик муаммоси қийнар эди.

- Ўтган йили менга 22 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди, - дейди у. – Бу маблағ эвазига 6 бош зотдор қўй сотиб олдим. Уч бош қўйим қўзилади. Бири эгиз туғди. Ҳали бир йил бўлмасдан уларнинг сони 10 бошга етди. Шунингдек, 30 сотих ер ажратилди.

- Ишсизлик мени жуда қийнарди, - дейди маҳалла ёшларидан яна бири Дадахон Беркинов. - Хорижда ҳам ишлаб келдим. Бирим икки бўлмади. Ўтган йили ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан имтиёзли кредит эвазига аравачали мотоцикл сотиб олдим. Бу қишлоқдошларимнинг оғирини енгил қилиш билан бирга рўзғоримга даромад келтиряпти. Кунига 250-300 минг сўм топяпман.

Кутубхона ҳам фойеда жойлашган, хоналар совуқ

Маҳалладаги 76-умумий ўрта таълим мактаби биноси замонавий, аммо 240 ўринга мўлжалланган. Бугунги кунда бу ерда 345 нафар ўқувчи таълим олади.

- Қўшимча бинога эҳтиёжимиз бор, - дейди мактаб директори ўринбосари Зоҳид Ёқубов. - Мактабда 16 та синф мавжуд. Икки навбатда дарс ўтилади. Маънавият ҳамда ўқитувчилар хоналари сифатида коридорнинг бир четидан фойдаланилади. Шунинг учун мактаб биносидаги фавқулодда вазиятларда чиқиш мумкин бўлган йўллар берк. Спорт зали 2023 йилда қурилиши режалаштирилган.

Кутубхона ҳам фойеда жойлашган. Бадиий адабиётлар кам. Газета ва журналларнинг янги сонларини бу ердан топиш қийин.

- Шахсан ўзим “Зарафшон” ва “Ургут садоси” газеталарига обуна бўлганман, - дейди мактаб директори Соҳиб Раззоқов. – Аммо 2023 йил бошидан бери газеталар етиб келгани йўқ. 

Мактабда, шунингдек, ҳудудда жойлашган 12-мактабгача таълим ташкилотида ҳам хоналар иссиқлиги кўнгилдагидек эмас. Сабаби, қозонхонанинг сувни ҳаракатлантириш ускунаси электр энергияси ёрдамида ишлайди. Электр энергиясидаги узилишлар эса одатий ҳолга айланган.

Маҳалланинг яна бир катта муаммоси бири уяли телефонлар учун алоқанинг сустлиги.

Хас-хашакдан тозаланмаган стадион

Маҳалладан қайтаётганимизда катта бир стадионнинг ярмида болалар футбол ўйнаётганига кўзимиз тушди. Нега стадионнинг ярмида? Сабаби, ярми хас-хашаклардан тозаланмаган. Стадион ёнида ҳашар йўли билан спорт майдончаси ҳам барпо этилган.

- Бизга замонавий стадион керак, - дейди қишлоқ ёшларидан бири Анвар Хидиров. – Ҳозирча мана шу майдонда чангдаям, лойдаям, қордаям футбол ўйнаб турибмиз.

***

Маҳалланинг ютуқлари ўз йўлига, аҳолини қийнаётган сув муаммоси ечимининг охирига етиши, электр энергияси билан боғлиқ масалалар ҳал этилишида мутасаддилар масъулиятли ва эътиборли бўлса яхши бўларди.

P/S: Мақола тайёрланиш жараёнида маҳалла ёшлар етакчисидан хабар келди. Ҳудуддаги футбол майдони тозаланибди.

Тўлқин Сиддиқов,

Ҳусан Элтоев,

Жасурбек Шукуров.