Ургутда "опий" савдоси фош этилди
Самарқанд вилояти ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Ургут тумани Почвон маҳалласи ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу туманда яшовчи 1990 йилда туғилган С.М. олдиндан таниши бўлган 1979 йилда туғилган А.Ш. нинг яшаш уйига ўзи билан бир дона рангсиз целлофан пакетига ўралган ўткир ҳидли, тўқ жигар рангли, ёпишқоқсимон, оғирлиги тахминан 139 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини олиб келганлиги аниқланган.
С.Ш. бу гиёҳвандлик моддасининг граммини 120 минг сўмдан сотиш мақсадида олиб келган ва А.Ш.нинг уйида истеъмол қилаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида С.М. ушбу “опий” гиёҳвандлик моддасини Ургут туманида яшовчи маҳалладоши 1989 йилда туғилган А.Т. дан олганлигини билдирган. Шу сабабли ҳозирда А.Т. билан тегишли тартибда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилоят ИИБ эксперт криминалистика бўлимининг маълумотномасига кўра, тадбир давомида олинган модда “опий” гиёҳвандлик моддаси, унинг оғирлиги эса 139,46 грамм эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25 ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу олинган "опий" гиёҳвандлик моддаси манбасини аниқлаш мақсадида тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси хабар берди.