Ургутдаги 36 та мактабга СамДТИ профессор-ўқитувчилари бириктирилди
Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт институтига Ургут туманидаги 36 та умумтаълим мактаби бириктирилди.
Ургут тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Б. Жабборов ва Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Ж.Ризаев ҳамкорлигида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, институтнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари бириктирилган мактабларга бориб, улардаги мавжуд ҳолат билан яқиндан танишиб, ҳар бир мактаб билан икки томонлама меморандумлар имзоланди.
Ўрганишлар давомида ўқитувчилар сони, штат бирлиги, уларнинг маълумоти, мактабларнинг сиғими, мавжуд ўқувчилар сони, дарс неча сменада ташкил этилаётганлиги, битирувчилар ҳамда ОТМларга ўқишга кириш даражасига алоҳида эътибор қатарилди.
Шунингдек, бириктирилган мактаблар синфхоналарида иссиқлик тизимининг ишлаш ҳолати, ёруғлик тизими, мактаблар кутубхонасидаги дарсликларнинг таъминганлик даражаси, лаборатория хоналарининг ҳолати, фанлар бўйича ўқитувчиларнинг таысимоти ўрганилди. Институтга бириктирилган мактабларнинг моддий техника базасини янада яхшилаш, ўқувчиларни замонавий ахборот технологияларидан хабардорлигини ошириш мақсадида уларнинг 18 тасига 60 (олтмиш) дона компьютер беғараз тақдим этилди.
Бириктирилган мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида етакчи соҳа мутахассислари ва кафедралар мудирлари ҳар ҳафтада бир марта очиқ дарслар, “Кимё ва биология” фанлари бўйича ҳар чоршанба куни ўтказилаётган метод кунларида ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Мактаблар билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида асосий эътибор таълим сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилган. Шу боис, мактабларнинг битирувчи синф ўқувчиларининг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб қайси олий таълимга, қайси йўналишга қизиқишини аниқлаш мақсадида сўровномалар ўтказилди. Ўтказилган сўровнома асосида ўқувчиларнинг қизиқишлари бўйича тўгараклар ташкил этилди.
Албатта, ўқувчиларнинг сифатли билим олишида оиладаги муҳит алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун битирувчи синф ўқувчиларининг ота-оналари билан ҳам учрашув ўтказилиб, уга фарзандлари учун уйда шароит яратиб, дарс тайёрлашларини назорат қилиб бориши тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Эътиборли томони, институтимизга бириктирилган мактабларда фақатгина таълим сифатини ошириш эмас, балки ўқувчилар, ўқитувчилар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, институтнинг стоматология факультети ташаббуси билан 36 та мактабнинг барчасида белгиланган режа асосида ўқувчилар, педагоглар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарурий тавсиялар бериб келинмоқда.
Э.Тангиров,
СамДТИ проректори.