Ургутликлар Нукусда янги корхоналар ташкил этмоқчи
Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли учун янги иш ўринлари ва муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида мамлакатимиз ҳудудлари ушбу минтақадаги туманларга бириктирилган эди.
Жумладан, Самарқанд вилояти Нукус туманини ўз тажрибаси асосида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ёрдам бериб келмоқда. 2022 йилда мазкур туманда ургутлик тадбиркорлар кўмагида бозор ва савдо комплекси ташкил этилганди. Айни пайтда бу ерда Ургутда тайёрланган турли хил кийим-кечак, маиший техника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилмоқда. Айрим тадбиркорлар эса нукуслик ишбилармонлар билан ҳамкорликда трикотаж корхоналари фаолиятини йўлга қўйди.
Бу ишларни давом эттириш мақсадида ушбу ҳафтада Ургут тумани ҳокими Б.Жабборов бошчилигида яна бир гуруҳ тадбиркорлар Нукусда бўлиб, жорий йилда амалга ошириладиган лойиҳаларни маҳаллий ҳокимлик ва ташаббускорлар билан муҳокама қилди.
Муҳокама давомида ургутликлар кўмагида Нукусда ўнга яқинга корхона ташкил этишга келишиб олинди. Шунингдек, савдо комплексида аҳолининг талаб ва таклифидан келиб чиқиб, қўшимча савдо ва маиший хизмат турларини йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
– Бугунги кунда Нукусда корхонамизда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари сотилмоқда, – дейди Ургут туманидаги “ALFA MAX ALLIANCE” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жавлон Саидмуродов. – Лекин биз бу билан чекланиб қолмай, бу ердаги шарт-шароит ва имкониятларни ўрганиб, шу ерда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишга қарор қилдик. Насиб этса, жорий йилда 1 миллион долларлик лойиҳа асосида пайпоқ ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этамиз.
Сафар давомида Ургут ва Нукус туманлари ҳокимликлари масъуллари ҳудуддаги ижтимоий масалаларни ҳал этиш юзасидан ҳам чора-тадбирлар белгилаб олди.