Уруғи нўхат, барги дармондори, пояси тола
“Зарафшон” газетасининг 2020 йил 11 июлдаги 77-сонида “Такрорий экин ер учун ҳам, деҳқон учун ҳам кони фойда” сарлавҳали мақолада жорий йилда вилоятимиз деҳқонлари такрорий экин сифатида бамия экаётганлигини ўқидик. Хўш, ҳақиқатда бу экинлар фойдалими, маҳаллий шароитда ҳосил олса бўладими?
Бамия сабзавот ва толали экини бундан тўрт минг йил аввал Африкада, кейинчалик кўҳна Миср ва ХI асрдан араблар орқали Европа давлатларига янги экин сифатида тарқалган. Унга қадар Ҳиндистон, АҚШ, Россия, Кавказорти, Марказий Осиё ва Украина давлатларида ҳам сабзавот ва тола берувчи экин сифатида қадрланган. Чунки унинг ёш тугунчалари, мева уруғлари озиқ-овқат саноатида кенг қўлланилади. Мевасида оқсил, мой, углеводлар, уруғида 18 фоизгача озиқ-овқат мойи бўлади. Хом уруғлари кўк нўхат ўрнини, пишганда қаҳвани ўрнини босади, барги эса озиқ-овқат тайёрлашда дармондори сифатида ишлатилади. Саноатда поясидан пишиқ тола олиниб, ип-арқон, қоплар тайёрланади, шунингдек, тиббиёт ва халқ табобатида қўлланилади.
Иссиқлик, ёруғлик ва намликка талабчан бамия ўсимлиги уруғдан кўпайтирилади, енгил ва унумдор тупроқда яхши ҳосил беради, аммо шўрланган, ботқоқ тупроқларда ривождан ортда қолади. Бизда бу экиннинг Россияда яратилган “Высокорослый-100”, “Карликовый 117”, “Белая цилиндрическая-127” каби навларини экиш самарали ҳисобланади.
Хидирали БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Мамадали ЛУКОВ, СамВМИ доценти.