Уруш даврида не кунларни кўрмадик - коронавирус балосини ҳам енгамиз

Мен биринчи синфни 1941 йилда тамомладим. Ёз вақти эди, мактабимиз директори Марям Бекбоева уйимизга келиб, онам раҳматли билан суҳбатлашди.

- Баротнинг Оқсой тоғида очилган пионерлар лагерида дам олиб келиши учун рухсатингизни олгани келдим, - деди Марям опа.

- Ҳали Баротжон кичкинаку, зерикиб қолмасмикан? – деди онам.

- У ерга районимиз бўйича кўп болалар боради, уч маҳал овқат беради, ўйнаб, ҳордиқ чиқариб келади.

Онам рози бўлди ҳамда бир дона кўрпача ва бир дона ёстиқни тугунга боғлаб берди. Колхоз томонидан ташкил этилган от аравага тўрт нафар болалар ўтирдик. Улар орасида энг ёши мен. Қолганлари 5-6 синфларда ўқийдиган катта болалар. Аравамиз сўқмоқ, чанг-тупроқ йўл юриб манзилга олиб бориб қўйди.

Кўрпа-ёстиқларни кўтариб лагерь жойлашган ерга етиб бордик. Лагерь бир кишининг чорвоғида жойлашган экан. Атрофи бўйра билан тўсилган эди. Уйимиздан олиб борган кўрпачаларимизни ерга ташадик. У ерда на каравот, на гилам бор. Стол-стулдан дарак йўқ, овқатланиш ҳам ерда, идиш товоқларни ҳам ўзимиз ювамиз, овқатни ўзимиз олиб келиб еймиз, шу ердаги сувдан ичамиз ва чўмиламиз. Кечаси чироқ, кўнгил очадиган тадбирлар, китоб ўқиш учун имконият йўқ. Уч-тўрт кун шу аҳволда кунларни ўтказдик. Зерикканимиздан кейин катта болалар қочиб кетишга ҳаракат қиларди. Лагернинг қоровули болаларни от билан қувиб, қайтариб келарди.

Бир марта Ҳазрати Довуд ғорига саёҳат ташкил қилинди. Тоғнинг тепасига чиқиш учун йўл йўқ. Тошларни оралаб чиқиб, ғорни томоша қилдик, ғор қоронғи, ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Ғордан тушиш вақтида бир бола жароҳатланди. Шундан кейин саёҳатга чиқиш ҳам тўхтади. Жароҳатланган болани даволаш учун дори-дармон йўқ эди. Шу аҳволда 10 кунни чидам билан ўтказдик. Шўро ҳукуматининг биз ёш пионерларга “ғамхўр”лиги мана шундай якунланган эди.

1941 йил 21 июнь куни пионер лагерининг директори барчамизни тўплаб мамлакатимизга немис босқинчилари ҳужум қилганлигини айтиб берди. Барча болалар уйга кетишга йўлга чиқди. Йўл эса узоқ, чанг, тупроқ. Биз турадиган қишлоққа 45-50 километр эди. Йўлда чарчаб, оч қолиб, йиғлаб, минг бир машаққат билан уйга етиб келдик. Онам эшикда келишимни кутиб турган экан, мени бағрига босиб йиғлади. Аҳволимни кўрган онам «сени лагерга юбормай мен ўлай», деб ўзини койир, энди акангнинг аҳволи нима бўлар экан, деб қайғу аламлар билан ўзини тўхтата олмасди.

Уруш бизнинг болалигимизни, ёшлигимизни ўғирлади, синдирди, болалик бахтидан маҳрум қилди.

Акамиз Беларуссия чегарасида хизмат қиларди. Урушгача уч-тўрт марта хат ёзган эди. Шундан кейин хат-хабар бўлмади. Отам билан онамнинг қайғусига биз фарзандлар чидай олмасдик. Колхоздаги меҳнатнинг оғирлиги уларни қийнарди, отам ҳам, онам ҳам касалманд бўлиб қолди. Отамиз бу мусибатга чидай олмай, 1943 йил тўсатдан вафот этди. Қишлоқдаги барча эркаклар урушга кетганлиги сабабли, отамни қабристонга олиб бориб қўйиш учун тўрт-беш киши тўпланиб, жанозасини ўқишди. Бу каби ишлар ҳам биз каби болаларга қолган эди.

Мактабимизнинг ҳовлисида радио карнай ўрнатилди. Уруш воқеалари Левитан, Қодир Махсумов томонидан ўқиб эшиттириларди.

Акамиз душман билан юзма-юз келиб, қон тўкиб, жон берган. Уруш ортидаги қийинчиликларни ва машаққатларни сўз билан ифода этиш қийин эди. Барча йигитлар урушга кетган. Қишлоқдаги ишлар хотин-қизлар ва бизга ўхшаган ёш болаларга қолди. Урушга кетганлар учун ҳам ишлаш керак, деган талаб ҳукм сурарди.

Колхознинг иши йилнинг ўн икки ойида ҳам тамом бўлмасди. Уруш даврида Ўзбекистонда лавлаги экилди. Унинг меҳнати ҳам пахтаникидан кам эмасди. Лекин халқимиз лавлагини пишириб еб, ўлимдан қолди. Одамлар ўт, кунжара еди, бир бурда нон инсондан азиз бўлди. Мамлакатимизда қаҳатчилик, касалчилик авжига чиқди, кўпчилик болалар қизамиқ, ич бурма, чечак, тиф касалликларига мубтало бўлиб, бевақт оламдан ўтиб кетди.

 Уруш туфайли йигитларимиз ёр висолига етолмади, қиз-жувонларимиз эса келин либосини кия олмади, оналар ўз фарзандларини кутавериб ҳориб-чарчади, касалманд бўлиб қолди. Уруш ҳалқимизнинг қалбини бир умрга жароҳатлади. Бу жароҳат мана 75 йил давомида ҳам битгани йўқ.

Уруш даврида Ўзбекистонга фашистлар томонидан босиб олинган юртлардан кўп одамлар кўчирилди. Уларга ўзбек халқи уйларидан жой берди, бир бурда нонни улар билан баҳам кўрди. Беларуссиядан, Украинадан одамлар кўчирилди - Қрим татарлари, месхети турклар ва Россиядан руслар, айниқса, уруш бўлган жойлардан етим қолган болалар Ўзбекистонга келтирилди.

Уруш ўзбек халқининг бошига кўп кулфатлар солди. Ўзбекистондан бир миллион беш юз минг киши унда қатнашди. Булардан тўрт юз минг киши майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Уруш дунёда эллик миллион кишининг ёстиғини қуритди. Тарихда урушлар кўп бўлган, лекин Иккинчи жаҳон урушидек қийин бўлган эмас.

Уруш туфайли ҳар бир хонадон ўзининг энг яқин кишиларидан -  отасидан, акасидан ва бошқа яқинларидан ажралиб қолди.

Аллоҳга шукур, уруш ғалаба билан тугади. 9-май - Хотира ва қадрлаш куни, деб нишонланадиган бўлди. Урушдан кейин мактабларда ўқиш бошланди. Ялангоёқ, ялангбош, йиртиқ-ямоқ кийимларда мактабга қатнадик. На китоб, на дафтар бор. Ярим кун мактабда ўқиймиз, ярим кун колхозда ишлаймиз. Уруш ортида қилган ушбу хизматлар учун мен ҳам «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирландим.

Мана, йиллар ўтди, меҳнатимиз қадрланди. Давлатимиз томонидан берган имтиёзлардан фойдаланиб, кексалик гаштини суриб яшаяпмиз.

Шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозимки, шўро ҳукумати томонидан олиб борилган шовинистик, атеистик сиёсат ҳам фашистлар томонидан олиб борилган босқинчилик сиёсатидан кам бўлгани йўқ. Мамлакатни коллективлаштириш, мол-мулкларни тортиб олиш, ер эгаларини (1930-1933-йиллари) сургун қилиш, отиб ўлдириш, айниқса, 1937-1938 йиллар «халқ душманлари» тамғаси остида қатағон қилиш, кейинги даврларда эса «пахта иши”, “ўзбек иши», деб 1980 йиллар Ўзбекистондан етишиб чиққан барча раҳбарларнинг бадном қилинишини тарих ҳеч қачон унутмайди. Ўзбек халқи хизматга тухмат олган эди.

Буларнинг барчаси орқада қолди, Ўзбекистон суверен, эркин, мустақил давлат бўлиб дунёни забт этмоқда. Бунинг учун Яратганга беҳисоб шукроналар қиламиз, Янги Ўзбекистонни қуриш ва яратишда ундан мадад сўраймиз.

Уруш - бу вайронгарчилик, касалчилик, қадрсизлик, очлик, ҳорлик, бошпанасизлик, муҳтожлик, қашшоқлик. Шунинг учун, тинчлик Аллоҳнинг неъмати, унинг қадрига етиш ва асраш барча эрксевар халқларнинг муқаддас бурчи бўлиб қолмоқда.

Уруш биздан қанча узоқлашган сари унинг жароҳати тобора яққол намоён бўлаётир. Бу ҳақда қанчадан-қанча асарлар, китоблар, кинофильмлар яратилмоқда. Лекин бу ҳали оз.

Голландия концлагерларида сақланган 101 нафар ўзбек маҳбусларини бир неча кун оч, овқат бермасдан қийнаган фашистлар тажриба ўтказиш учун уларга бир “буханка” нон ташлайди. Лекин ўзбек маҳбуслари нонни 101 бўлакка бўлиб тақсимлайди, баҳам кўради.

Гитлернинг ялоқхўри Гибблес «Булар қандай халқ, буларни отиб ташланглар», деб буйруқ берган экан. Халқимиз азалдан бир майизни 40 киши бўлиб еган. Буни Голландия концлагерларида сақланган ўзбек маҳбуслари исботлади. Ўзбеклар нақадар чидамли, бардошли, инсофли халқ эканлигини фашистлар ўз кўзи билан кўриб, қойил қолган экан.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё Республикалари ўртасида бирдамлик, ҳамкорлик ўрнатиш ташаббусини бугун дунё халқлари қўллаб-қувватламоқда. Айниқса, кейинги вақтларда қўшни Афғонистонда барқарор тинчликни ўрнатиш учун олиб бораётган хайрли ишлари барча эрксевар халқлар учун намунадир. Афғонистон халқига қилинаётган гуманитар ёрдамлар бунинг яққол исботидир.

Тинчликни сақлаш ва унинг қадрига етиш ҳар бир иймонли кишининг муқаддас бурчи. Янги Ўзбекистонни яратиш ва уни янада обод қилиш ҳозирги ёшларимизнинг мақсади бўлиб қолиши керак.

Республикамизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг адоғи йўқ. Шаҳар ва қишлоқларимиз обод ва кўркам бўлмоқда, халқимиз тинч-фаровон ҳаётнинг нашидасини суриб яшамоқда. Халқимиз орзу қилган ҳур замонга етиб келдик. Эндиги вазифа - Янги Ўзбекистонни яратиш, дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторидан жой олиш, тинчликни янада мустаҳкамлаш ва унинг қадрига етиш, ёшларимизни иймонли, эътиқодли, ватанпарвар қилиб тарбиялаш.

Бугун мамлакатимиз катта синовни бошидан ўтказмоқда. Дунёга тарқалган коронавирус касаллиги бизни ҳам четлаб ўтмади. Халқимиз бирдам бўлиб, бу касалликка қарши курашмоқда. Мамлакатимизда эълон қилинган чора-тадбирлар барчамизни сабр-бардошли бўлишга ундамоқда. Кексаларимиз бу дардни халқимиз бошидан соқит қилишини Аллоҳдан сўрамоқда.

Кекса авлод вакиллари уруш даврида не кунларни кўрмади - очлик, қаҳатчиликларни ўз бошидан кечирганди. Насиб этса, бу балолар ҳам орқада қолади. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини яратган Аллоҳдан сўраймиз.

Барот АМИРОВ,

«Шаҳидлар хотираси» хайрия фонди Паст Дарғом тумани бўлими раиси, меҳнат фахрийси.