Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уй учун субсидия ажратилмаётган фуқаронинг муаммоси ҳал бўлди

Омбудсманнинг вилоятдаги вакили иштирокида навбатдаги таъсирчан воқелик ҳақида эшитдингизми?

Маълум бўлишича, фуқаро аввал Тошкентда яшаган. Аммо кейинги 12 ой давомида Самарқанд шаҳрида рўйхатда турган ва доимий даромадига эга бўлган. Қисқаси, қарийб барча кўрсаткичлари субсидия олиш учун мос бўлган. Лекин ёзган аризасига 2022 йилда ҳам рад жавоби олган киши, 2023 йилда ҳам шундай бўлишига рози бўлмаган.

Афсусланарли жиҳати шуки, ўтган йилги аризаси билан ҳам аввалги ҳолат деярли такрорланган. Додини айтмаган идораси қолмаган фуқаронинг мурожаатини ўрганган Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг вилоятдаги вакили ажабтовур ҳолатга гувоҳ бўлган.

- Рости, аризачи билан гаплашганимда, майли бу сафар ҳам бўлган иш бўлди, ҳеч бўлмаса 2024 йилда субсидия олишни иложи борми, деганида ҳайрон бўлдим, - дейди Омбудсманнинг вилоятдаги вакили Диёр Ҳусанов. – Ўрганиб кўрсак, фуқаронинг аризаси унинг аввалги яшаш жойи – Тошкент вилоятига юборилган экан. Табиийки, шу ва бошқа сабабларга кўра, ариза рад қилинган.

Республиканинг қайси ҳудудида доимий рўйхатда бўлганлиги одамларимизга субсидия асосида уй олишга тўсқинлик қилмаслиги керак. Бошқа мезонларга тўғри келмаслиги буткул бошқа масала.

Хуллас, ариза ўрганиш давомида тизимдаги муаммолар сабаб фуқаронинг аризаси қаноатлантирилмагани аниқ бўлди.

Шу ўринда бир гапни айтиб ўтиш ўринли. Чунки аксарият, балки айрим ҳолларда мурожаат бу даражада чуқур ўрганилмайди. Омбудсманнинг вилоятдаги вакили эса бунга “зид” иш қилган. Қолаверса, республика вакиллиги номидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига фуқаронинг аризаси бўйича олиб борилган ўрганиш натижаси асос қилиниб, хат чиқарилади.

Вазирликнинг жавоби бизга қоронғу. Аммо муҳими, фуқаро 2023 йил ҳисобидан субсидия асосида уй-жой олишга эришди.