Уйда даволаниш шифокорларнинг қатъий назоратида бўлади

Жорий йилнинг 17 июль куни самарқандлик 25 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланди. Карантин бошлангандан буён беморлар 682 нафарга етди. Тузалиб чиққанлар сони 525 нафарни ташкил этмоқда. Айни пайтда 86 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, қолган беморлар уйида шифокорлар назоратида даволанмоқда.

Республика махсус комиссияси томонидан коронавирус инфекцияси бўйича ўтказилган тестлар мусбат натижа берган ҳамда касаллик енгил кечаётганлиги сабабли уйида даволанаётган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлашга қарор қилинди.

- Шифокорлар тавсияси билан уйида даволанаётган беморларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини назорат қилиш бўйича бош мутахассис Норпошша Шохўжаева. - Энди уларга зарур дори-дармон ҳамда бир марталик тиббий ниқоблар бепул етказиб берилади. Уйдаги бемор ўзи яшаётган ҳудудда жойлашган тиббиёт муассасаси шифокорлари томонидан 10 кунлик карантинга олинади ва дори-дармонлар махсус назорат остида берилади.

Айни кунларда вилоят бўйича 348 нафар фуқаро касалликка гумон қилиниб, стационар шароитдаги тиббий кузатув остида сақланаётган бўлса, 2885 нафар фуқаро ўз уйида карантинда қолмоқда.