Уйлари "снос"га тушган пайариқликлар норозилик билдиришди

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Мирзо Улуғбек маҳалласи Катта Чопар кўчасида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг уйи "снос"га тушди.
MY5 телеканалининг "Марказий студия" кўрсатуви мухбирлари туманга бориб уйи бузилиши ҳақида огоҳлантириш олган фуқаролар билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида "снос"га тушган уйларнинг баъзиларига кадастр ҳужжати қилингани, баъзиларида эса ҳужжат йўқлиги маълум бўлди.
Муаммо юзасидан чақирилган мутасаддилар икки соат давомида келишмагач, ижодий гуруҳ маҳалла аҳли вакиллари билан туман хоқимлигига боришган.
Пайариқ тумани ҳокими Дилшод Мусинов "снос" масаласи бўйича аҳолига қуйидагича изоҳ берди:
"Агар ноқонуний қарор чиқариб берган бўлсам, мен тайёрман жавоб беришга. Суд қарори билан хулоса қилинади. Фуқароларга худди ўзларининг уйлари каби уй қуриб берилади, шундан сўнг бузилади".
Аҳоли уйимиз бузилмасин дейди, Пайариқ тумани ҳокимлиги фуқароларнинг уйлари ноқонуний ерга қуриб олинганини таъкидлади.
Ўйлаймизки, ушбу муаммо норозиликларсиз ўз ечимини топади.