UzAuto Motors компанияси Қозоғистонда «Chevrolet» автомобилларини ишлаб чиқаришни бошлади
Бугун, 28 март куни Қозоғистоннинг Кўстанай шаҳрида «Chevrolet» бренди остида UzAuto Motors автомобилларини йиғиш бошланди.
General Motors компанияси UzAuto Motors билан биргаликда «Cobalt» (аввалги Ravon R4) оилавий седани, тижорий фойдаланиш учун «Damas» ҳамда «Labo» автомобиллари ҳамда премиум синфга мансуб «Malibu» автомобиллари янги моделларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди.
Янги моделларни ишлаб чиқариш аввалроқ Ravon «Nexia R3» автомобили ишлаб чиқарилган «СарыаркаАвтоПром» МЧШ (масъулияти чекланган ширкати) қувватларида йўлга қўйилди. Барча маҳсулотлар General Motors компанияси томонидан белгиланган жаҳон стандартлари асосида ишлаб чиқарилади. Қайд этиш жоизки, Қозоғистонда энг машҳур саналган Ravon «Nexia R3» автомобили ҳам эндиликда Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилади. Ушбу йўналишда кейинги қадам Chevrolet моделлари қаторини янги истиқболли “Tracker” ва “TrailBlazer” ва бошқа автомобиллар билан тўлдирилади.
Конвейерни тантанали равишда Ўзбекистондан телекўприк орқали иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон Бош вазири Аскар Узакпаевич Мамин ишга туширди.
Дастлабки босқичда ишлаб чиқариш ҳажми йилига 26 000 транспорт воситасини ташкил қилади. Келгусида уни 100 000 дона автомобилга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг дастлабки йили давомида 13 000 автомобилларни яқин хориж давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа 2020 йилнинг 26 февраль куни Урганч шаҳрида чегаралараро ҳамкорлик Форуми доирасида “Allur Group” компаниялар гуруҳи ҳамда «Ўзавтосаноат» АЖ ўртасида ташкил этилган қўшма корхона доирасида амалга оширилмоқда. Аввалроқ, 2017 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қозоғистон Республикасига ташрифи чоғида «Сарыарка АвтоПром» МЧШ ишлаб чиқариш қувватларида автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган. Ушбу давр мобайнида ички ва экспорт бозорларига мўлжалланган, қиймати 85 миллион АҚШ доллари бўлган 11 мингдан ортиқ енгил автомобиль ишлаб чиқарилган.