Uzbekistan Airways Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропортига парвозларни тўхтатади, рейслар янги Istanbul New Airport’га кўчирилади

2019 йил, 7 апрелдан Uzbekistan Airways’нинг Истанбулга учадиган барча рейслари Отатурк халқаро аэропортидан Истанбулнинг янги аэропорти Istanbul New Airport’га кўчирилади. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати маълум қилди.

Янги аэропорт Истанбулдан 35 километр шимолда жойлашган.

7 апрель, 2019 йил санасидан бошлаб Отатурк халқаро аэропорти йўловчи рейслар учун ёпилади. 5-6 апрель кунлари эса Туркия авиация расмийлари қарори билан мазкур аэропортга ва бу ердан барча халқаро рейслар бекор қилинган.

Шу боис:

5 апрель куни HY271/272, HY273/274, HY275/276;

6 апрель куни HY271/272, HY273/274 рейслари бекор қилинди.

Ушбу рейсларга чипта харид қилган йўловчиларга уларни қайтариш ёки учиш санасини қўшимча тўловларсиз ўзгартириш имконияти берилади.