Узоқ умр кўрувчилар лезгинкаси

Грузияда ягона бўлган узоқ умр кўрувчилар халқ ансамбли ярим йиллик танаффусдан сўнг репетицияларини бошлади.

Уруш ва меҳнат фахрийси Муҳаммад Иремадзе ҳадемай 98 ёшга киради. У кўпчилик грузин узоқ умр кўрувчилари сингари баланд тоғли Ажарияда невара-чеваралари тарбияси билан шуғулланади. Яна “Бермуха” ансамбли солисти бўлиб ишлайди. “Мен болаликдан рақсга тушаман, ҳеч ким ўргатгани йўқ. Тўйларда, байрамларда рақсга тушиш жони-дилим эди. Урушда бўлганимда тинч, фаровон кунларни орзу қилиб рақсга тушардим. Жангчи сафдошларимни кайфиятини кўтариб, уларда ғалабага бўлган ишончини мустаҳкамлардим. Эҳтимол, мен дунёда энг кекса солистдирман. Аммо ҳали кучим бор”, дейди кекса раққос.

Репетиция ҳафтада очиқ ҳавода, қадрдон тоғ ён бағрида ўтказилади. Коронавирус туфайли маҳаллий “Маданият уйи” залидан воз кечилди. “Бермуха” ансамбли 11 кишидан иборат. Энг ёши – 67 ёшда. Таркибда ҳамма вақт ўзлари ўрганган қария раққослар бўлган. Ўтган йиллар давомида ансамбль нафақат Грузияни, балки узоқ-яқин хориж мамлакатларида ўз санъатларини намойиш қилган.

“Биз гастрол сафарига чиқишни жуда яхши кўрамиз, - дейди ансамбль иштирокчиси Отар Иремадзе. – Қайси мамлакатга бораётганимизнинг аҳамияти йўқ. Аммо бу катта масъулият. Ахир биз жонажон ўлкамиз, пурвиқор тоғлар, сўлим табиат, бағрикенг халқимизни намойиш этамиз. Навқирон ёшлардек чаққон, шўх рақсларни қотириб, ижро этган қариялар томошабинларда ҳайрат уйғотади”.

“Бермуха” ансамблининг узоқ умр кўраётган иштирокчилари сири оддий: тоза ҳаво, қувноқ кайфият, гўзал табиат, доимий жисмоний меҳнат, қариндош-уруғларнинг ҳурмат ва эътибори. Бундай муҳитда ким ўзини қария деб ҳис этади, деб изоҳ беради “Мир новостей” ҳафтаномаси ўзининг 2021 йил 12 сонида.

Т.Шомуродов тайёрлади.