Вакилларимиз халқаро “Тўмарис кубоги” соҳиби

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги “Сартепа” спорт мажмуасида камондан отиш бўйича аёллар ўртасида ўтказилган “Тўмарис кубоги” иккинчи халқаро турнирида юртимиз вакиллари билан бирга Бангладеш, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва Тожикистондан келган 55 нафар мерган ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Тўрт кун давом этган баҳсларда спортчилар камондан отишнинг олимпик раунди ва жамоавий беллашувлар бўйича қатнашди.

Муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, олимпик раунди йўналишида қозоғистонлик спортчи Луиза Сайдиева ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, ҳамюртлари Мадина Заемова ҳамда Алуа Мухтарханова кейинги ўринларни банд этди.

Мерганлар ўртасидаги жамовий баҳсларда терма жамоамиз бош совринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни "Қозоғистон-2" ва учинчи ўринни "Қозоғистон-1" жамоаси эгаллади.

- Терма жамоа таркибида 4 йилдан буён камондан отиш спорти билан шуғулланаман, - дейди терма жамоамиз етакчиси Зиёдахон Абдусатторова. - Жамоамиз халқаро ва мамлакат чемпионатларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Бу галги мусобақада ҳам муносиб иштирок этдик ва бош совринни қўлга киритдик.

Энди декабрь ойида Дубайда ўтказиладиган Осиё кубогида чемпионлик учун курашамиз.