“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 524 та бўш иш ўрни таклиф этилди

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги “Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази”да  бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Унда 1350 дан ортиқ ишсиз фуқаро, яъни нафақадаги ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқаролар қатнашди.

Мазкур бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Жомбой, Оқдарё, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларидан 64 та корхона ва ташкилот ўзларидаги мавжуд 524 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Аҳамиятлиси, ишсиз фуқароларни шу жойнинг ўзида ишга қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун корхоналар раҳбарлари ва кадрлар бўлими бошлиқлари ҳам меҳнат ярмаркасига келди.

Шунингдек, ишсиз, муайян бир касб эгаси бўлмаган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш имкони мавжудлиги ҳақида тушунчалар ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Натижада иш излаб юрган фуқаролар ва собиқ ҳарбийларнинг аксарияти ишга жойлашди, муайян бир касб эгаси бўлмаган фуқаролар эса қаерда касб-ҳунарга ўқиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлди.

Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси ахборот хизмати.