Вазирлик айрим ҳудудларда 1-синф ўқувчиларига "Президент совғаси" берилмаганига изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда 2020-2021 ўқув йилида 1-синф ўқувчилари учун бериладиган "Президент совғаси" айрим ўқувчиларга етиб бормаганлиги бўйича маълумотлар эълон қилинди.
Ушбу вазиятга Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди:
"Мактабларда ўқув йили пандемия шароитини ҳисобга олиб босқичма-босқич ташкил этилган эди. Баъзи мактаблар фаолияти кечроқ бошлангани сабабли “Президент совғаси” тақсимоти ҳам босқичма-босқич амалга оширилган.
Шу билан бирга, пандемия сабабли айрим ота-оналар томонидан ўқувчиларнинг ҳужжатлари кеч олиб келинган ёки дастлабки режадаги мактабга эмас, балки бошқа мактабларга топширилган", дейилган муносабатда.
Шунингдек, агар фарзандингизга “Президент совғаси” берилмаган бўлса, ҳаволадаги шаклни тўлдиришингиз ёки ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг кўрсатилган телефон рақамларига мурожаат қилишингиз сўралган.
Эслатиб ўтамиз, “Президент совғаси” таркибига фақат портфель ва ўқув қуроллари киради, дарсликлар "Президент совғаси" таркибидан ўрин олмаган.