Видеорегистратор орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик. Бу ҳақида нималарни биласиз?

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун 2019 йил 1 июлдан автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш учун мажбурий тартиб ўрнатилган.

Видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тасвирга олинган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари мавжуд видеоёзувларга тенглаштирилган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам иш хақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилишини кўпчилик яхши билади.

Қайд этиш лозимки, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Қаерга ва қандай юборилади?

Жисмоний ва юридик шахслар видеорегистраторлар орқали йўл ҳаракати иштирокчилари (йўловчи ва пиёдалар бундан мустасно) томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини қайд этиши ҳамда уч иш куни ичида марказлаштирилган тизим - jarima.uz веб-сайти орқали кўриб чиқиш учун юбориши мумкин.

Видеорегистратор орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати тўғрисидаги видеоёзувда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозимлиги, жумладан:

- содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати;

- транспорт воситасининг русуми ва давлат рақами белгиси;

- ҳуқуқбузарлик содир этилган сана ва вақт.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланган, бундай видеоёзувлар кўриб чиқилмайди (ҳажмини қисқартириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно).

Бунда нималар муҳим?

Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларни марказлаштирилган тизимга юборишда:

 - фуқаронинг исми, фамилияси, отасининг исми, доимий яшаш манзили, юридик шахснинг номи, жойлашган жойи (почта манзили), банк ҳисоб рақами (видеоёзув юридик шахс вакили номидан тўлдирилганда);

- уяли телефон рақами ёки банк пластик картаси рақами ва электрон манзили;

- ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, сана ва вақти тўлиқ кўрсатилиши лозим.

Видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан уни юборган шахсга ўн беш кун муддат ичида электрон тарзда жавоб юборилади.

Рағбатлантириш тартиби қанақа?

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс эттирилган видеоёзувларни юборган фуқаролар уяли телефон рақамини ёки банк пластик картаси рақамини, юридик шахслар эса банк ҳисоб рақамини кўрсатиш орқали рағбатлантириш пули қандай усулда қабул қилиб олинишини кўрсатиб ўтиш зарур.

Рағбатлантириш ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига, юридик шахснинг эса банк ҳисоб рақамига Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар ҳисобидан автоматик тарзда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Нурмуҳаммад ТУРСУНМУРОДОВ,

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ транспорт воситалари техник ҳолати устидан назоратни ташкил этиш бўлинмаси бошлиғи.