Вилоят ҳокими эътиборидаги мавзу: Кушхоналар талабга жавоб бермайди
– Ўрганишлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, вилоятда талабга жавоб берадиган бирорта ҳам кушхона йўқ, – деди Э.Турдимов. – Ҳокимлар қарори билан очилган ва қурилган кушхоналар бугун деярли фаолият кўрсатмаяпти. Қонуний асосда ишлаётган тадбиркор катта кредит эвазига замонавий ускуналарни олиб келган, аммо унинг фаолияти билан бирорта раҳбар қизиқмаган. Натижада келтирилган ускуналар эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган, кушхона қурган тадбиркорлар сарфлаган маблағига куйиб ўтирибди. Қассобларнинг ўз уйидаги кушхонаси талабга жавоб бермайди. Чорвани сўйиш, сақлаш, етказиб бериш жараёнларида назорат бўлмагач, ветеринария, санитария талаблари бажарилмагач, сифатсиз гўшт маҳсулотлари истеъмоли сабаб аҳоли саломатлигига зарар етяпти. Энг ёмони, бу ҳолат бирорта мутасаддини жиддий ташвишга солгани йўқ. Энди ҳар бир бозор қошида чорвачилик фермалари ташкил этилади. Кредит олиб, камида 200 бошдан қорамол боқади, санитария талабларига асосан сўяди, сақлайди ва минимал нархда сотувга чиқаради.
Йиғилишда вилоятдаги бозорлар фаолиятидаги камчиликлар танқид қилинди. Жумладан, бозорларда сотувчи ва харидор учун етарли шароит яратилмагани, маҳсулотлар антисанитария шароитида сотилаётгани, аксарият бозорларда белгиланмаган жойларда савдо ташкил этилаётгани кескин танқид қилинди. Ҳаттоки, айрим бозорларда ичимлик суви ва ҳожатхонанинг йўқлиги, бир марталик патта пулларининг қиммат нархда йиғилиши ва тушумларнинг тартибга солинмаганлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда бозорларимизда тартиб, тозалик бўлиши, сотувчи ва харидорга қулай шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, қабристонларни тозалаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда кўрилган масалалар ижросини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимлигида мониторинг гуруҳлари ташкил этилиши белгиланди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.