Вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими бош мутахассиси пора билан қўлга олинди

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят ИИБ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими бош мутахассиси 1992 йилда туғилган Ж.Р. маҳаллий фуқарога Каттақўрғон шаҳрида қурилаётган янги 12 қаватли уйлардан 3 хонали хонадонни давлат томонидан ажратиладиган субсидия ҳисобида сотиб олиши учун уни базавий рўйхатга қўшиши ва субсидия ажратиб бериши эвазига 1200 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олаётган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, Ж.Р.га нисбатан ўтказилган шахсий тинтув вақтида унинг ёнидан тахминан 5-10 гр. миқдордаги “Марихуанна” гиёҳвандлик воситаси, 300 АҚШ доллари пул маблағи ҳамда гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш учун мўлжалланган мослама топилган.

Ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.