Прокуратура: Электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари юзасидан 14 жиноят иши қўзғатилган

Самарқанд вилояти прокуратураси органлари томонидан ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида 700 та ҳолатда газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг оқибатида келиб чиққан 18,2 млрд. сўм миқдорида зарар аниқланиб, 40 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 14 та жиноят иши қўзғатилган.

Ноқонуний ҳолатлар юзасидан иқтисодий судларга 28 млрд. сўмлик 344 та даъво аризалари киритилиши таъминланган. Бугунги кунда етказилган зарарнинг 2 млрд. сўмдан ортиғи қопланиши таъминланди.

Шунингдек, эгаси аниқланмаган энергия ресурслари бўйича ўтказилган ўрганишларда давлат ва жамият манфаатларига 1,2 млрд. сўмлик зарар етказилгани аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.

Вилоят прокуратураси томонидан шакллантирилган ишчи гуруҳ томонидан энергия ресурсларини кўп истеъмол қилувчи ҳамда энергия ресурслари кўрсаткичлари тегишли дастурларида қайд этилмаётган йирик улгуржилар рўйхати шакллантирилиб, ўрганилмоқда, дейилади прокуратура хабарида.