Вилоят шахмат федерациясига раис сайланди
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоят шахмат федерациясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов, шахмат федерацияси вилоят ҳудудий бўлими аъзолари, спорт муассасалари раҳбарлари, тренерлар ва юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган ёш шахматчилар иштирок этди.
Дастлаб жорий йилнинг 9 ойи давомида шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори Жамшид Акобиров ҳисобот берди.
- Бугун вилоятда уч минг нафардан зиёд спортчи шахмат билан шуғулланади ва уларга 110 нафар тренер машғулот ўтади, - деди Ж.Акобиров. - Ўзбекистон шахмат терма жамоасининг асосий таркибига вилоятимиздан 8 нафар, захира таркибига 3 нафар спортчи қабул қилинган. Жорий йилда вилоятимизда иккита халқаро даражадаги мусобақа, тўртта вилоят чемпионати, иккита вилоят кубоги мусобақалари ташкил этилди. Спортчиларимиз республика мусобақаларида 2 та олтин, 4 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган бўлса, Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бўлган самарқандлик Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов ҳамда Жавоҳир Синдоров жамоавий баҳсда бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, олимпиаданинг қизлар баҳсида вилоятимиз спортчилари Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликова муносиб иштирок этди.
Шундан сўнг вилоят шахмат федерацияси раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов федерация раислигига халқаро тоифадаги гроссмейстер Тоҳир Воҳидов, Ёшлар ишлар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Сарвар Бобоев ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов раис ўринбосарлигига бир овоздан маъқулланди.
Йиғилишда 2026 йил Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини юқори савияда ташкил этишга тайёргарлик жараёнларини ҳозирдан бошлаш, келгусида вилоятда шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар белгиланиб, ҳомийлар бириктирилди.
Тадбир якунида Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган ва фаол иштирок этган шахматчилар - Жаҳонгир Воҳидов, Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликовага ҳамда спорт соҳасида жонбозлик кўрсатиб келаётган фахрий спортчи Ҳамроқул Рофиевга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси топширилди.