Вилоят халқ таълими тизимидаги муаммоларга ойдинлик киритилди
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг жорий йилдаги илк ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор тарзида ўтказилган мазкур йиғилишда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги барча умумтаълим муассасалари, бўлимлар ҳамда бошқарманинг раҳбар ходимлари, ўқитувчилар иштирок этди.
Унда 2019 йилда халқ таълими тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар, ижро интизоми масалалари танқидий таҳлил этилди. 2020 йил бошидан белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилиниб, йил давомида амалга ошириладиган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш аввалида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ, фаолияти давомида педагогик жамоасида фаоллиги ва фидойилиги билан, баркамол авлодга таълим-тарбия беришда намуна бўлаётган, интеллектуал салоҳиятли ёшларни вояга етказишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган 45 нафар педагогларга “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини топширди. Шунингдек, халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2019” Республика кўрик-танловида муносиб қатнашган 10 нафар ўқитувчи Халқ таълими вазирининг ташаккурномаси билан тақдирланди. Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ҳаётга татбиқ этиб, таълим муассасаси фаолиятида қатор ютуқларга эришиб келаётган 3 нафар мактаб директорларига вилоят халқ таълими бошқармасининг ташаккурномаси топширилди.
Шундан сўнг ҳайъат йиғилишининг ялпи мажлиси бошланди. Кун тартибига мувофиқ дастлаб Халқ таълими вазирлигининг “Рейтинг — 2019” кўрсаткичлари асосида вилоятдаги туман ва шаҳарларнинг рейтинги таҳлил этилди.
Унда умумтаълим мактаблари битирувчиларининг ўтган ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари, мактабларнинг рейтинги, ўқитувчиларнинг малака тоифалари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2019” Республика кўрик-танловининг натижалари, методистлар фаолияти, ўқувчиларнинг фан олимпиадалари ва бошқа турли кўрик-танловларда иштироки, эришган натижалари, вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар танқидий таҳлил этилиб, ҳар бир рақам, кўрсаткичлар муҳокама этилди.
Мисол учун, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича Самарқанд шаҳридаги мактабларни ўтган ўқув йилида 2003 нафар ўқувчи битирган бўлиб, уларнинг 616 нафари (30,8 фоизи) ОТМга ўқишга кирган бўлса, Ургут туманининг 4098 нафар битирувчисидан бор-йўғи 122 нафари, яъни 3 фоизи ОТМга ўқишга кирган. Худди шундай Нуробод (3,4 фоиз), Пайариқ (4,4 фоиз), Қўшработ (5,5 фоиз) туманларидаги ҳолат ҳам ниҳоятда қониқарсиз ҳолатда эканлиги таъкидланди. Ачинарлиси, Ургут туманидаги 69 та, Қўшработ туманидаги 39 та, Нуробод туманидаги 35 та умумтаълим мактабларидан бирорта ҳам ўқувчи ОТМ кирмаган ёки ҳужжат топширмаган.
— Ушбу рақамлар таҳлили муассасалардаги таълим-тарбия жараёнларининг мутлақо қониқарсиз эканлигини кўрсатади, — деди С.Усмонов. — Бундан умумтаълим муассасаларига раҳбарлик қилаётган директорлар ўз вазифасига нолойиқ эканлигини, ўқитувчилар масъулиятни йўқотиб, тобора билимсизлашиб қолаётганини англаш қийин эмас. Ўқувчининг ўқишга кира олмаслиги у ёқда турсин, умуман ҳужжат топширмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Республикада самарқандлик мактаб битирувчиларининг ОТМга қамраб олиши энг паст кўрсаткичда, аниқроғи, 11-ўринда эканлиги соҳада меҳнат қилаётган бирортамизга ҳаловат бермаслиги шарт.
Фаолиятида сусткашликка йўл қўйган, ўзибўларчилик кайфиятида иш олиб борган туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари, умумтаълим мактаблари директорларининг масъулиятсизлиги танқид қилинди.
Йиғилиш давомида халқ таълими бўлими мудирлари, директорлар кўтарилган танқидий масалалар юзасидан хулосаларини билдиришди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари Улуғбек Мамарасулов, Озод Жангиров, Элмурод Суяров, бўлим бошлиғи Ғайрат Бобохолов ва бошқалар сўзга чиқиб, 2020 йилда вилоят халқ таълими тизими ходимлари олдида турган вазифалар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, таълим сифати ва самарадорлигини оширишда илғор таклиф ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан таклифлар билдиришди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.