Вилоятда ёшлар муаммолари қандай ҳал қилиняпти?

Мазкур савол бўйича вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов ўтган йил давомида қилинган сарҳисобини маълум қилди.

Унга кўра, вилоятда 30 ёшгача бўлган ёшлар 2 миллион 354 минг 160 нафарни ташкил қилади. Ўтган йилда уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этилишига кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди, қобилиятларини ривожлантириш ҳамда қўшимча шароитлар яратиш мақсадида бир неча йўналишдаги ишлар амалга оширилган.

Жумладан, ҳозиргача уларнинг муаммолари 6 та йўналишда “Ёшлар дафтари” электрон платформаси, “Сектор раҳбари ва ёшлар учрашуви”, 1093 қисқа ишонч телефон рақами, “Yoshlarportali.uz”, “Samyoshbot” телеграм каналлари ҳамда “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси орқали ўрганилиб келинмоқда.

Вилоятдаги 18-30 ёшдаги 701 минг 211 нафар ёшларнинг ижтимоий ҳимояга, иқтисодий ва психологик қўллаб-қувватлашга мухтож ва ишсиз ёшлардан иборат 74 минг 114 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилди. Шундан 71 минг 279 нафар ёшларнинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, дафтардан чиқарилди. Айни вақтда 2835 нафар ёшлар дафтарда бўлиб, улардан 2705 нафари ижро ҳолатида, 130 нафари доимий давлат кўмагига мухтож бўлганлиги учун ёшлар дафтарида доимий туради.

2021 йилда Ёшлар жамғармасидан 9 йўналишда 30,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 18 минг 804 нафар ёшларнинг муаммолари ижобий ҳал этилган бўлса, “Сектор раҳбари ва ёшлар учрашуви” бўйича сектор раҳбарлари томонидан 19 минг 314 та муаммо аниқланди. Шундан 18 минг 887 та муаммо ижобий ҳал этилди, 427 таси ижрога қаратилган. Жорий йил 15 февраль ҳолатига кўра, сектор раҳбарлари томонидан 2023 та муаммо аниқланди. Шундан 1297 та муаммо ижобий ҳал этилиб, 726 таси ижрога қаратилди.

“Samyoshbot” телеграмм канали орқали ўтган йилда 766 та муаммоли мурожаатлар келиб тушди ва барчасининг ижроси таъминланди. Ўтган йил июнь ойида ишга тушган “Yoshlarportali.uz” телеграмм канали орқали эса 199 та муаммоли мурожаатлар келиб тушди ва барчасининг ижроси таъминланди. Жорий йил 15 февраль ҳолатига кўра, 175 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 174 тасининг ижроси таъминланиб, биттаси ижрога қаратилди.

Ўтган йил май ойида ишга тушган “1093” қисқа ишонч телефон рақами бўйича 50 та муаммоли мурожаат келиб тушди ва ижроси таъминланди. 2022 йил 15 февраль ҳолатига 3 та мурожаат келиб тушган бўлиб, биттасининг ижроси таъминланди, иккитаси эса ижро ҳолатида.

“Ёшлар келажагимиз” жамғармаси томонидан йил давомида 3140 нафар ёшларнинг 70 та йирик ишлаб чиқариш корхоналарига “Бизнес саёхат”лар, 1000 нафар ёшлар 48 соатлик тадбиркорлик фаолияти курсларига бепул ўқитилди. “Бизнес марафон” мотивацион тренингларда 12 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олиниб, 90 нафар ёш тадбиркорларнинг 4 миллиард сўмлик лойиҳалари оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари орқали молиялаштирилди.

Бундан ташқари, ёшларнинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш мақсадида ёш тоифалари бўйича ҳар хил тўгараклар, фан олимпиадалари ва турли инновацион лойиҳалар доирасида амалий ишлар қилинмоқда.

Жумладан, муассасаларда 41 минг 708 та тўгарак, фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ҳамда инновацион лойиҳалар ташкил этилган бўлиб, уларда 2 миллион 777 минг 540 нафар ёшларининг истеъдоди ва қобилиятлари ривожлантирилган.