Вилоятдаги илк «Ҳуқуқий маслаҳат куни» Жомбойда ўтказилди

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Жомбой туманидаги  «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғинида  “Ҳуқуқий маслаҳат куни” тадбири ўтказилди.

“Ҳуқуқий маслаҳат куни”  тадбирида   28  та ташкилотлар раҳбарлари, жумладан фуқаролик, маъмурий ишлар бўйича суд раислари, туман ички ишлар бўлими, бандликка кўмаклашиш маркази, МИБ туман бўлими вакиллари ва бошқа мутасадди раҳбарлар  иштирок этиб, 38 та маҳалла фуқаролар йиғинидан  келган  152  нафар  хотин-қизларга  ҳуқуқий маслаҳат беришди.

Жумладан,  “Ҳуқуқий  маслаҳат куни”  доирасида 32  нафар хотин-қизларга   хуқуқий, 12 нафарига   тиббий, 8 нафарига  психологик, 26 нафарига моддий ёрдам  ҳамда 25 нафар хотин-қизларга   оилавий   ва 49 нафар хотин-қизларга турли массалаларда    маслаҳат берилди.

- «Ҳуқуқий маслаҳат куни» ўтказилиши ҳар бир хотин-қизлар қўмитасининг «Йўл харитаси»га киритилган, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова. – Ушбу тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад хотин-қизларга ўз вақтида, зарур тавсиялар, уларнинг ҳаётидаги муаммоларга ечим топишга тўғри йўналиш беришдан иборат. Хонадонлардаги аҳволни ўрганиш жараёнида аксар хотин-қизлар ўз ҳуқуқларини билмасликлари, у ёки бу масалада кимга мурожаат этишни тушунмасликлари аён бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда уларга тегишли ташкилотлар билан биргаликда зарур ёрдам кўрсатишни режалаштирганмиз. Худди шундай «Ҳуқуқий маслаҳат кунлари» вилоятимизнинг барча шаҳар, туманларида ўтказилади.

  Шу куни “Ҳуқуқий  маслаҳат куни ” доирасида вилоят хокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси  Г. Алимованинг сайёр  қабули  ҳам ўтказилди  ва 20  нафар  хотин-қизларнинг муаммолари  жойида бартараф этилди.  Жумладан, алимент, оилавий низо, бандлик, соғлигини тиклаш,  уй-жой масаласидаги  мурожаатлар  жойида  бартараф этилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.