Вилоятлардаги ДХМларда ҳам "права" алмаштирмоқчи бўлганлар учун "Сўнгги мижозгача" иш режими жорий этилди

ДХМларга ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида пойтахтда "права" алмаштириш учун "СЎНГГИ МИЖОЗГАЧА" иш режими жорий этилган эди.

Эндиликда, Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Марғилон, Қўқон, Бухоро, Термиз, Қарши, Гулистон, Наманган, Хива, Навоий шаҳарлари ҳамда Андижон, Шаҳрисабз, Қоракўл туманлари давлат хизматлари марказлари томонидан ҳам эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадагисига алмаштириш ушбу иш режимига асосан амалга оширилади.

Бунда, юқорида қайд этилган ДХМлар орқали ҳайдовчилар душанбадан-жума кунига қадар эрталаб соат 9:00 дан кечгача ҳамда шанба куни соат 09:00 дан 13:00 га қадар хизматдан фойдаланишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади:

● 2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача;
● 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача;
● 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябргача;
● 2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача.

❗️Эски "права"ни янгисига алмаштириш учун нафақат ДХМларга, балки бевосита ваколатли идора ИИББ ЙҲХБ бўлимларига ҳам мурожаат қилиш мумкин.