Халқ вакиллари жойларда

Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари аҳоли муаммоларини жойига чиқиб ўрганди.
Хусусан, 34-Самарқанд сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат А.Асланов Самарқанд, Тойлоқ туманларидаги сайловчилар билан учрашди.
Дастлаб депутат Самарқанд туманидаги Ангаролмас, Қўшмачит, Тойлоқ туманидаги Олмазор маҳаллаларидан келиб тушган мурожаатлар ечими бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси С.Зайниев билан учрашди. Учрашув давомида Тойлоқ тумани Олмазор маҳалласида яшовчи фуқаролар томонидан ҳудудда боғча масаласи мурожаати бўйича соғлиқни сақлаш бошқармаси балансида бўлган ва бугунги кунда бўш турган қишлоқ врачлик пунктини туман ҳокимлиги балансига бериш ва у жойдан болалар боғчаси қуриш масаласи ижобий ҳал этилди.
Бугунги кунда ҳар бир истеъмолчи маиший газ баллонни ўз вақтида ҳамда махсус ID-карталар орқали олиши лозим. Шу билан бирга маиший газ баллонларни хавфсиз ва зарар етказмасдан, муддатидан кечиктирмай аҳоли хонадонларига тарқатилиши маҳалла масъуллари, депутатларнинг мунтазам назоратида.
Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла Асланов Самарқанд, Тойлоқ туман газ таъминоти идораси фаолияти билан танишди. Учрашув давомида депутат мазкур туманлар газ идоралари ишчи-ходимлари фаолияти билан танишди, аҳолига етказиб берилаётган газ баллонлар яроқлилиги ҳолатини ўрганди.
Талаб қандай, ҳолат-чи?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла Асланов туман Кенгаши депутатлари ҳамда ЎзЛиДеП вилоят кенгаши масъуллари билан бирга Тойлоқ тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими фаолияти билан танишди. Учрашув давомида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида суҳбатлашилди. Бугунги кунда туманда 61 та умумтаълим мактаби ва 45 та давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд.
- Жорий йилда 2540 нафар битирувчи мактабни тугатяпти, - дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ўлмас Усмонов. - Айни пайтда 311 нафар битирувчи ўқувчиларда миллий ва халқаро сертификатлар бор. Ҳозирда таълим бераётган 3100 нафар ўқитувчи педагоглардан 291 нафари 8 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача маош олади.
Тойлоқ туманидаги Маданият маҳалласи аҳолиси экинларини суғоришда қийналаётган эди ва тегишли ташкилотлар билан гаплашилиб, Маданият аҳолиси учун дарғом каналидан сув йўлаги ажратиб берилди.
Тумандаги Файзиобод маҳалласи аҳолисидан келиб тушган мурожаат бўйича жойига бориб ўрганилди ва маҳаллага ичимлик суви тармоғи тортиш ишлари жадаллаштирилди.
Депутатга тушган мурожаатлар тўлиқ назоратга олинди ва тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориладиган бўлди.
Маҳалла еттилиги ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Паст Дарғом тумани Шомбулоқ маҳалласи еттилиги томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Учрашув давомида 4 мингдан зиёд аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини муҳофаза қилиш, янги иш ўринларини яратиш, маҳалладаги 725 та хонадондаги кўкаламзорлаштириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган 500 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатларини парваришлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб олинди.
Eкологик маданиятни оиладан бошлаш, “Яшил белбоғ”лар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Булунғурликларни нима қийнаяпти?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев аҳолининг яшаш шароити, эҳтиёжлари ва уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида Булунғур туманининг Ғўбдин, Лалмикор, Нурли йўл маҳаллаларида бўлиб, сайловчилари билан учрашди.
Мулоқотларда Ғўбдин маҳалласидан ўтувчи кўчанинг 5 километр қисми таъмирталаблиги, эскирган симёғоч устунларни алмаштириш зарурлиги, Лалмикор маҳалласида эса ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди ва сайловчилар томонидан кўтарилган қатор муаммолар тумандаги ташкилотлар масъуллари, маҳалла фаоллари иштирокида жойида ўрганилди.
Жумладан, тумандаги 31-умумтаълим мактабининг автобуси ижара натижасида ажратилгани аниқланиб, мутасадди ташкилот билан олиб борилган музокара асосида ижара муддатини узайтиришга келишилди ҳамда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, 23-умумий ўрта таълим мактабини таъмирлаш учун давлат дастурига киритиш бўйича берилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувларда билдирилган ҳар битта мурожаат ва таклиф назоратга олиниб, улар асосида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишларни амалга ошириш белгиланди.
Иштихонлик тадбиркорга ёрдам керак...
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ҳ.Ярқулов Иштихон туманидаги Қайирма маҳалласида жойлашган “Раҳмат ота” хусусий тиббиёт марказида бўлди.
Марказ директори томонидан фаолиятини кенгайтириш лойиҳасини амалга ошириш учун банкдан имтиёзли шартларда банк кредити зарурлиги ва аввалги олинган 1,1 миллиард сўм миқдорда олинган кредит учун гаровга қўйилган 3 та бинодан бугунги кунда 280 миллион сўм миқдорда кредит қолдиғига мос битта бинони гаровда қолдирган ҳолда 2 та бинони янги олинадиган кредит учун гаровга қўйиш мақсадида уларни гаровдан чиқариш чорасини кўришда амалий ёрдам сўралди.
Мурожаатда келтирилган масалани тегишли тартибда маъсул вазирлик ва банк вакиллари билан ҳамкорликда ечиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Партиялар вилоят кенгашлари маълумотлари асосида тайёрланди.