Халқаро кузатувчилар Самарқандда сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишмоқда
Шу йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш учун хорижий кузатувчилар мамлакатимизга ташриф буюрмоқда.
Хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг парламент сайловларини кузатиш бўйича кузатувчилари Самарқанд вилоятига келди.
Халқаро кузатувчилар – Говарт Найт ва Ирен Феллманн хоним шу пайтгача Олий Мажлисга депутатлар сайловини ўтказувчи сайлов округлари фаолияти билан танишиб, сиёсий партияларнинг вилоят кенгаши раислари билан учрашди.
Хорижлик меҳмонлар бугун вилоят матбуот уйида бўлди. Улар “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва «Овози Самарқанд» газеталарида партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, ғоя ва мақсадлари қай тарзда тарғиб қилинаётгани, шунингдек, сайловчилар билан учрашувларнинг ёритилиши билан яқиндан танишди.
Бундан ташқари, халқаро кузатувчилар сайлов кампанияси ҳақидаги мақола ва хабарлар, жумладан, тарғибот материалларини босма оммавий ахборот воситаларини чоп этишда Сайлов кодексига нечоғлик амал қилинаётгани билан ҳам қизиқди.
– Янги қабул қилинган Сайлов кодексида кузатувчи ва ваколатли вакил институтининг ваколатлари янада кенг ёритиб берилгани, шу билан бирга матбуот нашрларида берилаётган мақолалар, телевидениеда ташкил этилаётган кўрсатувларнинг очиқ-ошкора, соғлом рақобат ва фикрлар хилма-хиллиги сайловларни шаффоф ва демократик принциплар асосида ўтишини таъминлайди, – дейди халқаро кузатувчи Ирен Феллманн хоним. – Албатта, бунда оммавий ахборот воситаларини ҳам қонун доирасидан четга чиқмаслиги муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, сайловлар сиёсий партия вакиллари билан бирга сиз, журналистлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Ўзаро мулоқот чоғида хорижлик кузатувчилар шу пайтгача танишганлари асосида вилоятимизда сайловларга тайёргарлик борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.