Халқни айбдор қилиш осон. Лекин фуқаронинг ҳуқуқини бузган МИБ ходими ҳақида нега айтилмаяпти?
Сентябрь ойида Бош прокуратура уч марта МИБ ходимига қаршилик кўрсатилгани ҳақида расмий хабар берди. Бир марта ҳам фуқаронинг ҳуқуқини бузган МИБ ходими ҳақида ахборот берилмади. Майли, гап бунда эмас, дейилади Davletovuz каналида.
МИБ фуқаро билан ҳаддан ташқари кўп мулоқот қиладиган, одамлар билан тортишиши, сан-манга бориши эҳтимоли катта бўлган тузилма. Афсуски, МИБнинг прокуратура қаноти остида бўлиши фикримизча, манфаатлар тўқнашувига олиб келяпти. Яъни, прокуратура амалда ўз ходимини жавобгарликка тортиши эҳтимоли жуда паст. Даъвогаринг қози бўлса, дардингни кимга айтасан?
Бу тизим ўзаро тийиб туриш тамойилига зид, назаримизда. Сабаби прокуратуранинг асосий вазифаларидан бири - қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш. Асло МИБ ходимини оқлаш эмас. Илгари ҳам ёзганмиз, МИБни прокуратура тизимидан чиқариш керак. Ўзи умуман ўтган даврдаги 2-3 йиллик фаолиятини бир элакдан ўтказиб, мақсадга мувофиқлиги ва самарадорлигини ўрганиб кўриш лозим.
Амалдорларнинг халқни айбдор қилиш “касали” бор ўзи. Масалан, коррупцияга қарши кураш ҳақида гап кетса, пора берганларни ушлаш авжига чиқади. “Одамларнинг ўзи беради, ахир!” дейишади, одамларни ёмонотлиқ қилишади. Фуқаро инстанцияма-инстанция мурожаат қилиб, сарсон бўлса, уни ҳуқуқий маданиятсизликда айблашади. МИБни жабрдийда қилиб кўрсатишдан мақсад ҳам шунақа “политика” бўлса, ажаб эмас.
P.S.: Давлат ҳокимияти ва бошқаруви ходимлари қанчалик адолатсизлик қилишмасин, қўл кўтаришни қоралаймиз. Қонун доирасида иш тутиш керак.