Хавфли бурилишда бошқарувни йўқотган "Нексия" инсон ўлимига сабаб бўлди

2020 йил 4 январь куни соат 00:30 ларда Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани ҳудудидан ўтган М-41 “Бишкек-Душанбе-Термиз” автомобиль йўлининг 1588-километрида оқибати мудҳиш якун топган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Ҳайдовчи Денов туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган М.О. “Нексия” русумли автомобилда руль бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонидаги дарахтга урилган. Оқибатда ҳайдовчи М.О. тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган ва йўловчиси Денов туманида яшаган, 1972 йилда туғилган Н.А. касалхонада вафот этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчининг белгиланган тезлик меъёрларига амал қилмаганлиги ва йўлнинг хавфли бурилиш қисмида бошқарувни йўқотиши оқибатида содир бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқариш давомида белгиланган тезлик талабларига риоя этишни унутмасликни сўраган.