ХДП “Миллий тикланиш” устидан прокуратурага мурожаат қилди

Ўзбекистондаги сиёсий партиялардан бири ЎзХДП “Миллий тикланиш” демократик партияси устидан прокуратурага ариза берди. Бу ҳақда ЎзХДПнинг расмий баёнотида айтилди:

"Миллий тикланиш" демократик партияси расмий нашри “Миллий тикланиш” газетасининг 2019 йил 1 ноябрдаги 39-40 (1038)-сони 10-саҳифасида “ЎзХДП аъзоси Мақсуда Ворисованинг Россия коммунистлар партияси етакчиси Геннадий Зюгановга қандай “қариндош”лиги бор”лиги ҳақида ясама суратли анонс чоп этилган эди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши Мақсуда Ворисованинг шаъни ва қадр-қимматини қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилишни сўраб, тегишли тартибда Юнусобод туман прокуратурасига мурожаат йўллади.

Маълумки, "Миллий тикланиш" демократик партияси марказий аппарати раҳбар-ходимлари ушбу партия миллий қадрият ва анъаналарни юксак даражада қадрлаши ва ҳимоя қилиши ҳақида кўп гапиради. Партиянинг дастурий ҳужжатларида бу йўналишда қатор ғоя ва таклифлар, шиорлар илгари суриб келинади.

Шунга қарамай, "Миллий тикланиш" демократик партияси ўз ғояларига қарши равишда, халқимиз юксак даражада қадрлайдиган аёл, она шаънини писанд қилмаётгани бизда таассуф уйғотади”.