«Хитой Тайваннинг мустақиллигига ҳеч қачон тоқат қилмайди» — Хитой мудофаа вазирлиги
Хитой Тайван билан тинч йўл орқали бирлашишга қатъий содиқ, бироқ Тайваннинг “мустақиллиги”га ҳеч қачон тоқат қилмайди, деди Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби У Цянь.
"Биз "бир давлат – икки тизим" тамойили асосида тинч йўл билан қайта бирлашиш тарафдоримиз. Тайван бўғозининг ҳар икки томонини тинч йўл билан бирлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларимизни қиламиз, бироқ Тайваннинг "мустақиллиги"га интилаётган, ватанни парчалашга уринаётган сепаратистик кучларга ҳеч қачон тоқат қилмаймиз", деган у.
У Хитой дунёда битталиги, Тайван эса унинг ажралмас қисми эканлиги, Тайван бўғозининг ҳар икки томонидаги ватандошлар тақдири муштарак ва биродар эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Тайван масаласи фақат Хитойнинг ички иши бўлиб, чет эл аралашувига йўл қўйиб бўлмайди.
“АҚШ ва Япония Тайван масаласида қанчалик кўп шов-шув кўтарса, биз миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш учун янада қаттиқроқ курашамиз”, деди у.
ХХР марказий ҳукумати ва унинг орол провинцияси ўртасидаги расмий муносабатлар 1949 йилда, Хитой Коммунистик партияси билан фуқаролар урушида мағлубиятга учраган Чан Кайши бошчилигидаги Гоминдан қўшинлари Тайванга кўчиб ўтгандан сўнг узилган.
Орол ва Хитой ўртасидаги бизнес ва норасмий алоқалар 1980 йил охирида қайта тикланди. 1992 йилдан бошлаб томонлар нодавлат ташкилотлар - Тайван бўғози орқали алоқаларни ривожлантириш бўйича Пекин ассоциацияси ва Тайбэй жамғармаси орқали алоқа ўрнатишни бошлашди.