Хитой ва 14 та Осиё мамлакатлари дунёдаги энг йирик эркин савдо шартномасини тузади
Хитой ва яна 14 та Осиё давлатлари дунё эркин савдоси бўйича энг йирик шартномани тузади. Томонлар ушбу ҳужжатни 12-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган АСЕАН саммитида имзолайди, деб ёзди Bloomberg.
Шартномада Япониядан Австралия ва Янги Зеландиягача бўлган жами 2,2 миллиард аҳолиси мавжуд давлатлар иштирок этади.
Ушбу битим савдо божларини пасайтириш, товар ишлаб чиқарувчи мамлакатни аниқлашнинг унификацияланган қоидаларидан фойдаланган ҳолда маҳсулот етказиб бериш алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда электрон тижоратнинг янги қоидаларни тизимлаштиришга қаратилган.
Осиё мамлакатлари ўртасида бундай келишувнинг пайдо бўлиши баъзи Америка компаниялари ва эркин савдо зонасидан ташқаридаги бошқа трансмиллий корпорацияларга зарар етказиши мумкин. Бу айниқса, 2017 йилда Президент Дональд Трамп томонидан Вашингтоннинг Осиё-Тинч океани минтақасида эркин савдо зонасини яратишга йўналтирилган ТрансТинч океани шерикчилиги (ТТШ)дан чиқиш тўғрисидаги меморандумни имзолагани сабабли сезиларли бўлади. Бундан ташқари, ТТШдан воз кечиши билан Қўшма штатлар Хитойнинг қўшни минтақалар устидан кучайиб бораётган таъсирини таққослаш имкониятидан маҳрум бўлади.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги Хитойнинг АҚШ устидан иқтисодий устунлигини башорат қилган эди. Таҳлилчилар таъкидлаганидек, яқин йилларда Хитой халқ республикасининг ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати олдинги даражада сақланиб қолган тақдирда дунёда 10 йил мобайнида иккинчи ўринда турган мамлакат иқтисодий рейтинги пешқадам АҚШни ортда қолдириши эҳтимолдан ҳоли эмас.