Хитойда пандемия тарихидаги антирекорд қайд этилди. Шанхайда “локдаун” жорий қилинган

Қатъий карантин чекловлари туфайли маълум муддат “омикрон”дан иҳоталанишга муваффақ бўлган Хитой давлатида, мана, бир ойдирки, касалланиш кўрсаткичлари кун сайин ошмоқда.

Хусусан, кеча мамлакатда пандемия давридаги антирекорд қайд этилиб, 27 минг 500 нафардан зиёд беморда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу бир ҳафта ичида ўсиш динамикаси икки баравар юқорилаганини англатади.

Якшанба куни касалликка чалинганлар орасида иситма, йўтал ва дармонсизлик каби белгилар бор-йўғи 1184 кишида кузатилган, холос. Қолган 26 минг 411 нафар беморда хасталик симптомларсиз кечаётгани маълум бўлган.

Шунга қарамай, айни пайтда мамлакатда даволанаётганлар сони 242 минг нафардан ошади. Бу бир ҳафта аввалгига нисбатан 2,2 баробар кўп кўрсаткичдир.

Энг мураккаб эпидемиологик вазият Шанхайда кузатилмоқда. 26 миллион аҳолига эга шаҳарда деярли икки ҳафтадан буён “локдаун” жорий қилинган. Бироқ бу ерда сўнгги пайтларда касалланганларнинг 80 фоизи ҳали соғайгани йўқ.