Хитойдан коронавируснинг асл келиб чиқиш сабаблари тўғрисида маълумот сўралмоқда

Германиянинг иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазири Герд Мюллер “Funke” медиа гуруҳи билан бўлган суҳбатда Пекиндан янги турдаги коронавируснинг келиб чиқиши мавзусида аниқ ва ошкора маълумотларни тақдим этишини сўради.

“Хитойликлар ҳозирги дунё инқирози вақтида, тўла ошкораликни тақдим этишлари лозим. Айниқса, вируснинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотлар борасида”, дея вазирнинг сўзларини келтирди Россиянинг НТВ телеканали.

Мюллернинг сўзларига кўра, вирус Ухан лабораторяларида кашф қилингани тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилиши зарур.

- Коронавируснинг Ухандан тарқалиши масаласи бўйича Хитой тезроқ халқаро маълумотлар алмашувига киришиши лозим, - таъкидлади вазир.

Олдинроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Америка томони COVID-19 коронавируси Хитойнинг Ухан шаҳри лабораторияларида ишлаб чиқилгани тўғрисидаги фаразни ўрганишини ва унинг ҳақиқий келиб чиқишини аниқлашни режалаштирганини маълум қилган эди. Агар COVID-19 коронавируси авж олишига атайлаб йўл қуйганлиги аниқланса, Хитой учун бунинг оқибатлари яхши бўлмаслиги билан таҳдид қилди Трамп.

Шунингдек, бирнеча кун илгари Австралия ТИВ раҳбари Марис Пейн, коронавирус пандемиясининг Ухан шаҳридаги келиб чиқишини ўрганиш учун глобал текширув ўтказилиши зарур эканлигини таъкидлаган эди. Унинг фикрига кўра, мазкур текширув ЖССТ раҳбарлиги остида бўлмаслиги лозим.