Хитойликлардан нимани ўрганиш мумкин?

Мулоҳаза

Ҳаётдан яхши яшашнинг йўли битта: аввало ўз кучига ва илмига суяниш ва бошқаларнинг яхши тажрибаларини ўрганиш. Нафақат кишилар, ҳатто давлатлар ҳам ана шу йўл билан юксак натижаларга эришмоқда. Мисол учун, бугун кўпчилик Хитой тажрибасини ўрганяпти. Негаки, бу давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кириб бормаган минтақа қолмади. Технологик ривожланишда ҳам жадал.

Шунинг учун Ўзбекистон, жумладан вилоятимиз ишбилармонлари бу ўлка тадбиркорлари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда, борди-келдилар, фикр, тажриба алмашув ва қўшма корхоналар очиш тезлашиб кетди.

Лекин камина бу ҳолатни кузатиш жараёнида кўпроқ шу ўлкада истиқомат қилувчи одамларнинг феъл-атвори, ҳаётга нуқтаи назари билан кўпроқ қизиқдим. Чунки биз менталитет деб атовчи одат-у хислатлар аксарият ҳолларда мақсадга эришувнинг тезлиги ёки сустлигини кўрсатиб туради. Шунинг учун Шинжон-Уйғур автоном районида яшовчи аҳоли: ханлар, уйғурлар, қозоқлар, дунганлар ҳаёти билан танишиш жараёнида камина улардан кўп нарсани ўрганиш лозим, деган хулосага келдим.

Энг аввало, хитойликлардан тартиб-интизомни ўрганишимиз керак. Бу борадаги ҳар қандай хато жиддий камчилик саналади ва жазоланади. Мен анжуманларни, тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтмаслик, тамакини фақат махсус жойда чекиш, чиқиндини ҳар жойга ташламаслик каби ҳолатларни назарда тутяпман. Бундан ташқари, муомала маданиятида ҳам барчаси амалдаги этикет ва нормаларга қатъий риоя қилади.

Иккинчидан, эътиборимни тортган жиҳат, уларнинг оилага муносабати бўлди. Ҳаётга тайёр бўлмаган йигит ва қиз оила қуриш ҳақида бош қотирмайди. Шунинг учун ёшларнинг маълум бир қисми  30-35 ёшгача турмуш қурмаган. 5-6 йил яшаб, фарзанд кўрмаганлари ҳам ўзининг бола боқишга тайёр эмаслигини айтишди. Албатта, бундай муносабатнинг яхши-ёмон томонлари бўлади. Аммо гап инсоннинг ҳаётга, ўзига баҳоси устида кетмоқда. Ваҳоланки бизда, ёшларнинг оилага тайёр ёки тайёр эмаслиги сўраб ўтирилмайди. Бундан ташқари, айрим оилаларда бир ой ичида ҳомиласи сезилмаган келинчак уйига обориб қўйилади.

Учинчидан, хитойликларнинг спорт, театр ва санъатга қизиқишига ҳавасим келди. Деярли барча шаҳарларда ўнлаб, юзлаб спорт-истироҳат боғлари бор. У ерларда биздагига ўхшаб ошхоналар йўқ, эрталабдан кечгача аҳоли бу ерда спорт билан машғул бўлади. Шунингдек, маҳаллаларда, ташкилотлар бинолари ҳовлисида, хуллас, қаердаки озроқ жой топилса, спорт тренажёрлари ўрнатилган, ҳатто қишлоқ жойларида. Концерт ва театрларга оилавий бориш русумга кирган.

Тўртинчидан, бу ўлкада ҳар бир ташкилотнинг музейи, мониторинг гуруҳи бор. Кейингисини илмий-тадқиқот маркази десам ҳам бўлади. Мисол учун, Ғўлжадаги "Дўстлик" шифохонасининг илмий-тадқиқот марказида тиббий хизмат сифатини ҳар бир йўналиш бўйича таҳлил қилиб, камчиликларни аниқлашар экан, хизмат савияси, муолажа сифатини яхшилаш йўлида врачларга тавсиялар бериб борилади. Бу таклифларни, ҳатто, бажариб кўрсатишади.

Табиий ичимлик суви ишлаб чиқариш корхонасида ҳам ана шундай ҳолатга дуч келдик. Мутахассиснинг айтишича, тоғлар орасидаги қояда жойлашган катта музлик бир йил давомида синчиклаб ўрганилган. Бошқа манбаларда парланиш, ёмғир ва қордан пайдо бўладиган сувларда чанг бўлади. Тоғлар орасидаги музда эса чанг бўлмайди. Айниқса у пастки қисмидан эрий бошласа, сувнинг таркиби минералларга бой бўлади. Фақат бугина эмас, улар ана шу сув таркибининг организмга таъсирини ўрганиб чиқишди. Шу сабабли болаларга, катта ёшдагиларга, ҳомиладор аёлларга, ёш болали аёлларга ана шу сувдан тайёрланди. Ва бугун у аҳоли ўртасида катта талаб билан ҳарид қилинмокда. Яшириб ўтирмайлик, бизнинг тижоратчилар қадоқланган сув ишлаб чиқаришда бундай талабларга эътибор қилишмайди.

Бешинчидан, хитойликларнинг тежамкорлигига тўхталиб ўтсак. Улар ҳа деганда янги кийим олавермайди, пулни бекорга сарфламайди. Ҳаётимизга энди кириб келаётган томчилатиб суғориш усули бу ерда аллақачон кўникмага айланган. Или дарёси қирғоғидан бор-йўғи 600 метр наридаги барча ерлар томчилатиб суғоришга ўтган. Биз эса "отанг мироб бўлса ҳам, уйинг сув бошида бўлсин" деган қоидага амал қиламиз. Қишлоқ жойларида ҳам ариқ ва кичик сув йўллари бетонлаштирилган.

Ошхоналарга ҳам эътибор қилдим: ҳеч ким меъёридан ортиқча овқат олмайди. Мабодо етмай қолса, яна олади, хуллас, исрофгарчилик кўзга ташланмайди. Тўйларини ҳам, бошқа тадбирларини ҳам бизда ҳали одатга кирмаган "шведча стол"да ўтказишади.

Олтинчидан, хитойликлардан хизмат кўрсатиш маданиятини ўрганишимиз керак. Дўконлар-ку ўз йўлига, ҳатто бозорларда ҳам сотувчилар биздагига ўхшаб ҳаридорга "шилқимлик" қилмайди. Кутиб олишда ҳам, ҳайрлашишда ҳам кайфиятингизни кўтаради.

Томорқа маданиятида ҳам шундай ҳолат кўзга ташланади: 1,5-2 сотихлик ҳовличада оила истеъмоли учун деярли ҳамма нарса етиштирилади, товуқ ёки қўй боқилади.

Охирги сабоқни ёшларга касб ўргатишда кўрдим. Коллежларнинг деярли барчаси устахоналардан иборат. Оддий ёки электрон доска шу ерда ўрнатилган. Концерн ёки корхона мутахассислари амалий машғулотлар орасида дарс ўтишади, яъни амалда ишнинг назарий жиҳатини тушунтиришади. Бу эса ёшларда ўзи эгаллаётган касбга нисбатан ҳурматни оширади. Муҳими, унинг илми билан малакаси баравар шаклланади.

Хитойликларда қатъиятнинг, иштиёқнинг меъёри йўқ, чунки бирор янгилик яратиш бўйича ҳаракат қилаётган бўлса ҳеч қандай тўсиқ уларни тўхтатиб қололмайди, биринчи бўлмаса иккинчиси, иккинчиси ўхшамаса.., энг охирги мақсадига эришмагунча қатъият билан ҳаракат қилиш хусусияти алоҳида таҳсинга лойиқ.

Мақоладаги сарлавҳага эътибор қилгандирсиз, камина Хитой давлатидан эмас, балки хитойликлардан нимани ўрганиш ҳақида мулоҳаза юритдим. Негаки, ҳар қандай давлат тизимида ҳам аҳолининг савияси, менталитети муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, Хитой ҳам бизга бегона эмас: табиий иқлими, одамлари феъли бизга яқин.

Лекин бу қудратли давлатдаги ижтимоий муҳит ўз-ўзидан шаклланмаган. Улар ҳам кимдандир ўрганишган. Бироқ, улар ўз хислатларини тарбиялай олишган. Шунинг учун ҳар бир хитойлик масъулиятсиз одам жамиятда ўрин тополмаслигини, лаёқатсиз инсон камбағал бўлишини жуда яхши билади. 

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.