Хитойнинг яна 6 та шаҳри Самарқанд шаҳрининг биродарига айланади

Бугун Самарқанд шаҳрига Хитой халқаро дўстлик жамияти раиси Ли Сяолинь бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф буюрди.

“Афросиёб” тезюрар поездида келган меҳмонларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов кутиб олди. Меҳмонлар ташрифни дастлаб Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади сўнгра, Хўжа Дониёр мақбараси, “Афросиёб” музейи, Шохи Зинда мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонаси каби тарихий жойларни томоша қилди. Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳрининг Университет хиёбонида қурилган Конфуций майдонида ҳамда “Регистон” ансамблида бўлишди.

Ташриф давомида меҳмонлар билан вилоят ҳокимининг Туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаев учрашув ўтказди. Унда келгусида Хитойнинг яна 6 та шаҳри биродар шаҳарлар сафига қўшилиши бўйича ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олинди. Шу пайтгача Сиан шаҳри, Самарқанднинг биродар шаҳри ҳисобланарди. Шунингдек, делегация аъзолари Самарқанд делегациясини шу йилнинг май ойида Хитой давлатида жамият томонидан ташкил этиладиган Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигига бағишланган тақдимот форумида иштирок этишга таклиф этди. 

Хитой халқаро дўстлик жамияти ҳақида маълумот:

Жамият 1954 йилда тузилган бўлиб, бутун Хитой халқини бошқа давлатлар билан дипломатик алоқаларининг ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг асосий мақсади – халқаро дўстлик, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дунёда тинчликни ҳимоя қилишдан иборат.

Хитой халқаро дўстлик жамияти 157 давлатдан 500 га яқин халқларни дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари билан бирлаштиради. Хитой хорижий давлатлар билан савдо-сотиқ, илмий-техника тараққиётида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда.

Ҳусан Элтоев.