Хизматлар кўрсатишнинг сифат ва самарадорлиги ошяпти

Деҳқончиликда экин парвариши муҳим. Аммо ерга қадалган уруғ ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатининг гарови. Бугун вилоятда ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида “Ўзагроинспекция” қошидаги Агросаноат мажмуи хизматлар кўрсатиш маркази давлат унитар корхонасига пресс-тур ташкил этилди.

Унда журналист ва блогерлар ташкилот томонидан жорий йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар билан танишди.

  - Дон ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар, пахта толаси, пахта момиғи, техник чигит, дон корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан экспорт ва импорт қилинаётган маҳсулотларга лаборатория хизмати кўрсатиб, сертификатлар берамиз, - дейди корхона раҳбари Раҳмонқул Тўраев. -   Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида дон корхоналари томонидан қабул қилинган 219 минг 240 тонна, экспорт қилинган 2 минг тонна, паррандачилик корхоналари томонидан келтирилган 29 минг 822 тонна дон маҳсулотлари лабораторияда таҳлил этилиб, сертификатлар билан таъминланди. 2020 йил  пахта ҳосилидан 21 минг 542 тонна пахта толаси, 1 минг 705 тонна пахта момиғи, 52 минг тоннадан ортиқ техник чигит синов лабораториясидан ўтказилиб, сертификатлар берилди. Бундан ташқари, Россиядан келтирилган 623,4 тонна картошка, 18 минг 536 килограм маккажўхори уруғи лаборатория таҳлилидан ўтказилди.   

Тадбир иштирокчилари лабораторияда бўлиб, иш жараёни билан танишди.

Лаборатория Япониядан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Хизмат кўрсатишнинг сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида яқин келажакда янги замонавий лаборатория биноси қурилиши режалаштирилган. Бу ерда замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилиб, хизматлар кўрсатишнинг турини янада кенгайтириш мўлжалланяпти. Унда 200 га яқин мутахассис ишлаши кўзда тутиляпти.

Сулаймон Мардиев.