Хизматни ўтаб бўлган 280 нафар аскар махсус рейс билан ўз уйларига кузатилмоқда

Бугун, 27 март куни Марказий ҳарбий округда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган аскарларни ўз уйларига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Аслида аскарларни уйларига кузатиш тадбирлари 20 мартдан 10 апрел кунига қадар ўтказилиши кўзда тутилган эди. Хавфли инфекция сабаб, фақат бир кун 27 март куни Республикамизнинг барча йўналишлари бўйлаб, махсус рейслар йўлга қўйилади.

Тадбирда округ қўмондони, полковник Айбек Саидов, ҳарбий қисм шахсий таркиби, Самарқанд гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри иштирок этди.

Марказий ҳарбий округга қарашли Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий гарнизонларида бир йиллик хизматни ўтаган жами 280 нафар аскарга олий ҳарбий таълим муассасасига кириш учун имтиёзли тавсиянома берилди. Улардан 40 нафари ўз истагига кўра, шартнома асосида ҳарбий хизматда қолди. Янги ташкил этилган Спорт взводида хизмат қилган 10 нафарга яқин спортчи аскарлар округ ҳамда Мудофаа вазирлиги номидан Халқаро тоифадаги спорт мусобақаларида қатнашиб, совриндор бўлди.

Округ қўмондонлиги оиласи бағрига қайтаётган аскарлардан маҳалла-кўй ва яқинлар олдида зиёфат уюштирмасликни сўради.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабарига кўра, муддатли ҳарбий хизматчилар махсус рейс билан бугун тунда, қаътий назорат остида “Самарқанд-Тошкент-Анжидон” ҳамда “Бухоро-Нукус” йўналишида ўз уйларига кузатилади.