Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Украина биринчи марта Шимолий Корея қўшинларига ҳужум қилган. Бой америкаликлар Россияга кўчиб ўтмоқчи
🔹 Шимолий Корея Украинага қарши урушда Россияга ҳарбийларини жўнатгани учун йилига 600-700 минг тонна гуруч, космик технологияларни ўтказиш ва аскарлар учун 2 минг доллар тўлов талаб қилди. Бу ҳақда The Korea Herald хабар берган.
🔹 Эронда "ахлоқ полицияси" Теҳрон университети талабаси Азадни нотўғри ҳижоб кийганликда айблаб, кийимига шикаст етказгач, у норозилик сифатида кийимини ечиб ташлаган. Қўлга олиш чоғида қиз боши билан урилган. Ҳозирча унинг аҳволи ҳақида маълумот йўқ. Расмийлар унда “руҳий касаллик” борлигини айтмоқда.
🔹 Тошқиндан вайрон бўлган Валенсияга келган Испания қироли Филипп VI аҳоли томондан лойбўрон қилинди. Испанияда кучли ёмғир туфайли юзага келган сув тошқини қурбонлари сони 200 дан ошган.
🔹 Грузия мухолифат кучлари ўтган парламент сайловлари натижалари тан олинмагани муносабати билан парламент биноси яқинида бугун кечқурун бўлиб ўтадиган катта митинг ўтказилишини эълон қилди.
🔹 Россия ҳарбий амалиётлар зонасида бошланган ёмғирли мавсум туфайли фаол жанговар ҳаракатларга танаффус қилди. Шу кунлари Украина қуролли кучлари биринчи марта Курск вилоятида Шимолий Корея қўшинларига ҳужум қилгани айтилмоқда.
🔹 Бой америкаликлар мамлакатни чексиз муддатга тарк этишни режалаштирмоқда. Адвокатлик фирмалар биринчи марта мижозлар базасида эмиграция қилишни хоҳловчилар сони 30 фоизга ошганини қайд этган. Эътиборлиси, уларнинг баъзилари Россияга кўчишни кўриб чиқмоқда. Мутахассислар бу тенденцияни 5 ноябрдан кейин юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликлар билан боғлайди.
🔹 Туркиянинг йиллик инфляцияси сезиларли даражада пасайди.
🔹 Bloomberg маълумотларига кўра, агар Доналд Трамп бўлажак сайловларда ғалаба қозонса, Илон Маск АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатларида воситачи ролини ўйнаши мумкин. Хитой Маск учун катта қизиқиш уйғотади: чунки Tesla электрмобилларининг ярми у ерда ишлаб чиқарилади.
🔹 Эрон ҳукумати Исроилнинг ҳаракатларига жавобан нафақат ракета ва дронлардан, балки кучлироқ каллакларга эга бошқа турдаги қуроллардан ҳам фойдаланишни режалаштирмоқда. Эслатиб ўтамиз, 1 октябрда Эрон Исроилга қарши 200 га яқин баллистик ракеталарни учирган.
🔹 Молдовадаги сайловларда протоколларнинг 99 фоизи ҳисобида амалдаги президент Майя Санду ғалаба қозонди.
Гулнора Холдорова тайёрлади.