Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Зеленскийга Россиянинг ички ҳудудларига зарба беришга рухсат берилмади
🔹 Вашингтон Зеленскийнинг чақириқлари ва норозилигига қарамай, Украина Қуролли Кучлари томонидан Россия ҳудудига чуқур зарба бериш бўйича чекловларни қайта кўриб чиқиш ниятида эмас. “Биз ўз позициямизни аниқ айтдик. Бизда трансчегаравий зарбалар бўйича оқилона сиёсат мавжуд. Биз Россия ичида чуқур зарба бериш тактикасини қўллашга йўл қўймаймиз”, — деди Америка етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.
🔹 Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини барча мақсадларига эришмагунча тўхтатмайди. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяҳу маълум қилди. "Вақт талаб қилса ҳам, ғалабага қадар курашамиз", деди у. Исроил ҳукумати раҳбари Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатига босим ўтказишгина гаровга олинганларни озод қилишга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
🔹 АҚШ президенти Жо Байден Вашингтондаги НАТО саммити чоғида Украина президенти Владимир Зеленскийни Владимир Путин деб таништирди ва бир неча соат ўтгач, матбуот анжуманида АҚШ вице-президенти Камала Харрисни Доналд Трамп деб атади, деб ёзади Bloomberg. “Энди мен сўзни қатъият ва жасоратга эга Украина президентига бермоқчиман. Хонимлар ва жаноблар, президент Путин”, деган Байден саммитда Зеленскийни таништирар экан.
🔹 Россия мухолифат етакчисининг беваси Юлия Навалнаяни "террорчилар ва экстремистлар" рўйхатига киритди.
🔹 Венгрия бош вазири Виктор Орбан АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп билан Флоридадаги Мар-а-Лаго шахсий қароргоҳида учрашиб, у ерда Украина можаросини ҳал қилиш бўйича тинчлик миссиясини муҳокама қилди. Маълумки, Венгрия бош вазири июль бошида Киевда, Москвада ва Пекинга ташриф буюрган. Оқ уй Орбаннинг тинчликпарварлик ҳаракатларини "саргузашт" деб атаган.
🔹 Канада, АҚШ ва Финляндия Вашингтондаги НАТО саммитида “Музли пакт”ни тузганликларини эълон қилишди. Уч мамлакат Россия ва Хитойнинг минтақадаги таъсирига қарши туриш учун яқин йилларда 90 тагача музёрар кема қуришга қарор қилган.
🔹 Япония Мудофаа вазирлиги Шимолий Корея ва Россия ҳужумкор биологик қуролларни ишлаб чиқиш ва сақлаши мумкинлиги ҳақидаги айбловларини эълон қилди.
🔹 Ливанда сурункали энергия инқирози кучайиб, яқин келажакда мамлакат бутунлай зулматга ботиши мумкин, ҳатто Байрут аэропортида ҳам электр таъминоти узилиши мумкин. Сабаби, Ливанда қонун чиқарувчи орган анчадан бери бутунлай пароканда. Ливан банки Вакиллар палатаси тегишли қонун қабул қилмасдан туриб, Ироқдан ёқилғи етказиб бериш учун тўловни амалга ошириш учун маблағ ўтказишдан бош тортмоқда.