Хориж хабарлари: Шимолий Корея Россияга 5,5 миллиард долларлик қурол етказиб берди. Австралияда икки ҳафта тоғда қолиб кетган ва заҳарли илон чаққан аёл тирик топилди

🔹 Бунгача Ҳизбуллоҳнинг бош котиби ўринбосари лавозимида ишлаган Наим Қосим ҳаракатнинг янги раҳбари бўлди. Ушбу қарор аввалги раҳбар Ҳасан Насрулло вафотидан сўнг қабул қилинган. Эслатиб ўтамиз, Ҳизбуллоҳни бир неча ўн йиллар давомида бошқарган Ҳасан Насруллоҳ шу йилнинг сентябрь ойида Исроил ҳаво ҳужуми чоғида ҳалок бўлган эди.

🔹 Жанубий Корея делегацияси Шимолий Корея қўшинларининг можаро зонасида бўлишини муҳокама қилиш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун Украинага ташриф буюриши кутилмоқда. Жанубий Корея президенти Юн Сек Ёл вазият жиддийлашаётгани ва бунинг сабаби, Шимолий Корея қўшинларининг фронт чизиғига жойлаштирилиши эканини айтди. Яқинда Пентагон матбуот котиби Шимолий Корея Украинага қарши жанговар операцияларда Россия кучларини қўллаб-қувватлаш учун 10 мингга яқин аскар юборилганини тасдиқлади.

🔹 АҚШ Грузиядаги сайлов натижаларидан норозилиги аниқ. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Метю Миллер брифингда маълум қилди. "Биз Грузиянинг ҳукмрон авторитар раҳбарлар мақтаган сиёсатни мустаҳкамлашдан кўра, Евроатлантика ҳамжамиятига қандай муносабатда бўлишни хоҳлаётгани ҳақида ўйлашга чақирамиз. Грузия халқининг 80 фоиздан ортиғи мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилишини истайди", деди Миллер.

🔹 Чеченистон раҳбари Қодиров мамлакатдаги Россия махсус кучлари университетига дрон ёрдамида ҳужум қилингани ҳақида хабар берди.

🔹 Теҳрон шанба куни Исроилнинг Эронга уюштирган зарбасига жавоб бериш ҳуқуқини даъво қилмоқда, Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний фикрича, Эрон Ислом Республикаси суверен давлат сифатида БМТ Низомига мувофиқ, тегишли вақтда ушбу босқинчилик актига жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

🔹 Грузия Марказий сайлов комиссияси айрим сайлов участкаларида парламент сайловлари натижаларини қайта текширади. 26 октябр куни Грузияда бўлиб ўтган парламент сайловлари мамлакат ичида ва халқаро кузатувчилар орасида сезиларли резонансга сабаб бўлди. Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси сайловчиларнинг 53,93 фоиз овозини қўлга киритди. Бироқ сайлов натижалари парламентга мухолифат партиялари ва Грузия президенти Саломе Зурабишвили томонидан шубҳага олинди.

🔹 Шимолий Корея Россияга 5,5 миллиард долларлик қурол етказиб бергани айтилмоқда.

🔹 6 ноябрь яқинлашгани сайин АҚШ президентлик сайловларига хорижий кучларнинг таъсири тобора долзарб бўлмоқда. Россия, Хитой ва Эрондан келаётган дезинформациялар доимий равишда таҳдидга айланган ва назоратни талаб қилади, дейди The New York Times. Тахминларга кўра, Россия Доналд Трамп номзодини, Эрон Камала Харрисни қўллаб-қувватламоқда, Хитой томони эса ҳеч кимни афзал кўрмаган. Хуллас, америкаликлар дезинформацион урушнинг янги босқичига тайёргарлик кўришмоқда.

🔹 Германияда истиқомат қилган 67 ёшли Германия-Эрон фуқароси Жамшид Шармаҳд қатл этилганидан сўнг Германия ҳукуматига қарши айбловлар кела бошлади. Душанба куни Германия-Эрон фуқароси Жамшид Шармаҳд террорчиликда айбланиб, тўрт йиллик қамоқдан сўнг Эронда қатл этилди. Унинг АҚШда яшовчи қизи Газелле Шармахд бир неча бор отасини ҳимоя қилиб, Германия ҳукумати олдида чиқиш қилган.

🔹 Исроил ҳарбий амалиёти туфайли 440 мингдан ортиқ қочқин Ливанни тарк этган.

🔹 Google Россия телеканалларига икки ундециллион рубль тўлаши керак - Москва суди шундай қарор қилди. 17 та телеканал YouTube аккаунтлари блоклангани сабабли даъво аризаси билан чиқди. Суд даъволарни қондирди, энди профилларга кириш тикланмагунча жарима ҳар куни 1000 долларга ошади. Ундециллион - бу биттадан кейин 36 та нолли рақам.

🔹 Австралияда Янги Жанубий Уэлснинг Қорли тоғларида йўқолган аёл қидирув бошланганидан бир ҳафта ўтиб тирик ҳолда топилди. 48 ёшли Ловиса Маълум бўлишича, фотосуратчи аёлнинг оёғи лат еган ва тўрт кун олдин уни заҳарли мисбош илон чаққан. Гарчи судралиб юрувчининг чақиши ҳалокатли бўлса-да, аёл сирли равишда тиббий ёрдамсиз омон қолган.