Хориждан қайтган ёшларнинг тақдири билан ким қизиқяпти?
Кейинги йилларда меҳнат миграциясидан қайтган ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш учун ишлар амалга ошириляпти, аммо...
Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоят ёшларининг 23 мингдан зиёди хорижга ишлаш учун кетган. Жорий йилнинг 1 март ҳолатига хорижда меҳнат қилаётган 959 нафар самарқандлик ёш қайтиб келган. Энди уларни ишсизлик муаммоси қийнамаяптими? Бу ёшларнинг тақдири билан ким шуғулланяпти? Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида қандай ишлар амалга ошириляпти?
Шу саволлар билан вилоят ёшлар ишлари бошқармаси масъулларига мурожаат қилдик.
- Ишлаш ёки ўқиш учун хорижга кетган ва Ватанга қайтган йигит-қизларнинг рўйхатини шакллантириш билан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари шуғулланади, - дейди бошқарма масъул ходими Ашурали Тўйчиев. – Уларнинг тақдири ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳар бир етакчи маҳалласидан хорижга кетган ёш билан ҳафтада бир марта онлайн суҳбатлашади. Шунингдек, вилоятда махсус штаб ташкил қилинган. Хориждан қайтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш учун корхона-ташкилот раҳбарлари масъул этиб бириктириляпти. Яна ишлаш учун хорижга кетиш истагидаги ёшларни, агентлик маблағи ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, уларга тил ўргатиш ва қонуний равишда чет элга ишга юбориш чоралари кўрилмоқда.
Каттақўрғон шаҳри ёшлар ишлари бўлимидан олинган маълумотга кўра, хорижий давлатларга кетган шаҳарлик ёшлар 933 нафарни ташкил этади. Уларнинг 33 нафари таълим олиш ва 900 нафари ишлаш мақсадида кетган. 2024 йил давомида 254 нафар ёш хориждан қайтган ва уларнинг бандлиги таъминланган.
- Хатлов натижасига кўра 2024 йилда маҳалламиз ёшларининг 19 нафари хорижга ишлаш учун кетганлиги аниқланганди, - дейди Зомин маҳалласи ёшлар етакчиси Умиджон Тойиров. – Уларнинг 13 нафарини юртимизга қайтаришга ва бандлигини таъминлашга эришдик. Хориждан қайтган ёшларнинг 2 нафари олий таълим муассасасига ўқишга кирди, қолганлари тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиши, доимий ишга жойлаштирилиши натижасини бандлиги таъминланди.
- 2023 йилда ишлаш учун хорижга кетгандим, - дейди Акмал Камолов. – Яхши иш тополмай қийналдим. Ёшлар етакчиси таклифи билан ўтган йили қайтиб келдим. Унинг тавсияси асосида шаҳарда жойлашган “Мономарказ”да сартарошлик бўйича 3 ойлик курсда ўқидим. Ҳозир шу ҳунар билан шуғулланиб, ойига ўртача 4-5 миллион сўм топяпман.
Айни пайтда шаҳардаги Очилдимурод Мирий номли маҳалла ёшларининг 31 нафари хорижда.
- Уларнинг 3 нафари таълим олиш мақсадида кетган, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Бобур Ҳайдаров. – Қолган 28 нафари ишлаш учун ёки турмуш ўртоғи билан бирга кетган ёшлардир. Деярли ҳар йили 30 нафарга яқин ёки кўпроқ ёшлар хорижда бўлади. Улар орасида мавсумий ишлаш учун кетадиганлари ҳам бор. Улар асосан баҳор, ёз ва куз мавсумларида хорижий давлатларга бориб ишлаб қайтади.
Ёшлар етакчисининг таъкидлашича, хорижга кетган йигит-қизларнинг 2 нафаригина қайтган. Унинг бир нафари ўзини ўзи банд қилган. Нега кам, деган саволга у шундай жавоб берди:
- Биз бу ерда уларга 3,5-4 миллион сўм ойлик олиши мумкин бўлган ишларни таклиф қила оламиз. Уларнинг орасида 500 доллардан 1000 долларгача маош оладиганлари бор, уларни биз таклиф қилган ишларнинг ойлиги қониқтирмагани учун қайтишни истамаяпти.
Бир шаҳарнинг икки маҳалласидаги хорижга кетган ва қайтган ёшлар тақдири ҳақида мисоллар келтирдик. Зомин маҳалласи ёшлар етакчиси Умиджон Тойиров 2024 йилда “Энг фаол ёшлар етакчиси” кўрик танловининг республика босқичида “Меҳнат миграциясидан қайтган ёшлар билан ишлаган энг фаол ёшлар етакчиси” йўналишида 2-ўринни эгаллаган. Хориждан қайтган ёшлар билан ишлаш масаласида Очилдимурод Мирий номли маҳалладаги натижалар, афсуски, қониқарсиз.
Ишлаш учун хорижга кетиб, қайтиб келиб ҳам ўзларига мос иш тополмай қийналаётган ёшлар талай. Уларга ўз юртида меҳнат қилишига ёки хорижга кетган тақдирда ҳам қонуний йўл билан кетиши учун яқиндан ёрдам кўрсатадиган масъуллар масъулиятини оширса, бу борадаги муаммоларга ечим топилармиди?
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.