Хорватиянинг Петриния шаҳри зилзила оқибатида деярли вайрон бўлди

Хорватияда бугун олти ва уч балли зилзила қайд этилди. Бу икки кунда иккинчи бор зилзила содир бўлиши. Офатдан энг кўп Петриния шаҳри зарар кўрди. Маҳаллий маъмурият берган маълумотига кўра, шаҳарнинг деярли ярми вайрон бўлган. Ўнлаб қурбонлар бор. Зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатишга Еврокомиссия ва Еврокенгаши ваъда беришди. Аммо ҳозирча хорватлар ўз кучларига ишониши керак.

Зилзила эпицентри Хорватиянинг марказий қисмидаги Петриния шаҳрига тўғри келди. Биринчи силкинишлар у ерда душанба куни сезилган. Сешанбадаги кучли зилзила шаҳар марказининг катта қисмини яшашга яроқсиз ҳолга келтирди.

ХИНА давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, Сисак шаҳри яқинидаги қишлоқдаги черковда “органист” бўлиб ишлаган кишининг жасади бино вайроналари остидан топилган. Шунингдек, 12 ёшли қизнинг ўлими ҳақида маълум қилинди. Ўнлаб одамлар жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилган. Шунингдек, Петриния ва Глина шаҳрининг бир нечта туманларида олти киши табиий офат қурбони бўлганлиги ҳақида хабар берилди.

Зилзила ҳаттоки қўшни мамлакатларда - Чехия, Словакия, Австрия, Италия, Словенияда ҳам сезилган.

Ҳозирча ички ишлар вазирлиги зилзила туфайли фуқароларга мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланишга рухсат берди. Олдин республика ҳукумати коронавирус пандемияси сабабли 8 январга қадар ҳудудлар ўртасида ҳаракатланишни тақиқлаган эди.