Хошимин шаҳридан Истанбулга учаётган самолёт Самарқандда фавқулодда қўнди
Вьетнамнинг Хошимин шаҳридан Истанбулга йўл олган Turkish Airlines авиакомпаниясининг ТК163 рейси Самарқанд халқаро аэропортига фавқулодда қўнди.
Boeing 787 экипажи бортдаги йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли муқобил аэродромга йўл олишга қарор қилди.
Самолёт Самарқандга Тошкент вақти билан соат 3:40 да қўнди. 1959 йилда туғилган Франция фуқароси бўлган йўловчига тезкор тиббий ёрдам кўрсатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, юрак хуружи гумон қилинмоқда. Йўловчи ва унга ҳамроҳ бўлган икки киши қўшимча текширув ва даволаниш учун тиббиёт ходимларига топширилди.
Зарур амалиётлар бажарилгандан сўнг, парвоз давом эттирилди. Маҳаллий вақт билан соат 5:11 да Turkish Airlines авиакомпаниясининг рейси Истанбулга жўнаб кетди.