Хотин-қизлар қўмитаси тикув машинаси совға қилди

Жомбой туманида вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан бошланғич хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини намунали йўлга қўйишга бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбирда туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ҳамда намунали бошланғич ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова жамият ҳаётида аёлларнинг ўрни ва ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлашда бошланғич ташкилотлар олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди. Бу борада зарур тавсия ва кўрсатмалар берди.

Тадбирда фаолияти намунали деб топилган бошланғич ташкилотлар раҳбарларига вилоят хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Семинар иштирокчилари “Жомбой дон” корхонасида хотин-қизларга яратилган шарт-шароит, бошланғич ташкилот томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Тадбир доираси вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси туманнинг Тут маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Н.Ҳасанова ва “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М.Абдураҳмонова ҳолидан хабар олди. Н.Ҳасановага тикув машинаси ҳамда М.Абдураҳмоновага уй-жой олиш учун уйнинг бошланғич бадали тўланганлиги тўғрисидаги сертификат топширилди.