Регистон: ХV асрда Шердор ўрнида хонақо, Тиллакори ўрнида карвонсарой ва ҳаммом бўлган

ХIV асрда Европа ва Осиё халқларини мўғулларнинг 200 йиллик зуғумидан қутқарган Амир Темур Самарқанд шаҳрини дунёнинг энг кўркам шаҳрига айлантириш учун барча хайрли ишларни қилди. Амир Темурдан кейин Самарқанддаги бунёдкорлик ишларини Мирзо Улуғбек давом эттирди.

Кўплаб тарихий адабиётларда Мирзо Улуғбекнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида гап кетганда, унинг Самарқанд, Ғиждувон ва Бухорода мадрасалар бунёд эттирганини, ўзининг машҳур расадхонасини қурганлиги қайд этилади. Аммо Самарқанднинг ҳар бир иморатида Мирзо Улуғбекнинг изи борлигини ўйлаб кўрганмизми?

Ҳа шундай. Қаерга қараманг, албатта, Мирзо Улуғбекни кўрасиз!

Ҳозирги Регистон ансамбли ХVII асрда шаклланганлиги барчага маълум. Мирзо Улуғбекнинг машҳур дорилфунуни рўпарасида буюк саркарда Баҳодир Ялангтўш ўзининг катта мадрасаси - Шердорни, чап ёнида эса кичик мадрасаси - Тиллакорини бунёд эттиргач, Регистон ансамбль кўринишига келган, деб ҳисоблаймиз. Аслида Баҳодир Ялангтўшнинг икки мадрасаси ХV асрдаёқ Мирзо Улуғбек томонидан қурилган иморатлар ўрнида бунёд қилинган эди. Яъни, Шердор ўрнида Мирзо Улуғбек хонақоси, Тиллакори ўрнида Мирзо Улуғбек карвонсаройи ва ҳаммоми қад ростлаган, ўшандан Регистон ансамбли Самарқанддаги асосий бош майдонга айланган эди. 

Амир Темур мақбарасининг қурилиши ҳам Амир Темур буйруғи билан бошланса-да, унинг ўзига мақбара қурилишини кўриш насиб этмайди. Чунки 1405 йил қишида Хитой юришига отланган Амир Темур оғир касалланиб, Ўтрор шаҳрида (Сирдарё бўйида) вафот этган эди. Шунинг учун ҳам мақбаранинг тўлиқ қуриб битказилиши Мирзо Улуғбек даврида амалга оширилади. Хусусан, чап кириш йўлагининг қурилиши, безак ишларининг ниҳоясига етказилиши Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқдир.

Сиёб бозори яқинидаги Амир Темур жомеъ масжиди 1399-1404 йилларда Буюк Амир Темур томонидан бунёд қилинган. Ўз даврида бу масжидга тенг келадиган масжид йўқ эди. Улуғбек ҳукмронлиги даврида унинг оталиғи Амир Шоҳмалик томонидан Самарқандда янги жоме масжиди қурилган бўлса-да, бу вақтда ҳам Амир Темур жоме масжиди асосий масжид ҳисобланган. Мирзо Улуғбек азим масжид ичида бобоси томонидан Самарқандга келтирилган халифа Усмон Қуръони учун мармар лавҳ (2,3×2,18) ясаттиради. Ушбу лавҳга қўйидаги сўзлар битилган: «Султоно Аъзам олий ҳимматли ҳоқон, дин ва диёнат ҳомийси, ҳанафия мазҳабининг посбони, аслзода, султон ибн султон амир ул-муслимин Улуғбек Кўрагон».

Шоҳи Зинда ансамбли ҳам 1434-1435 йилларда Мирзо Улуғбек томонидан бунёд этилган маҳобатли пештоқ билан бошланади. Пештоқ Ўрта Осиё анъанавий меъморчилик услубида қурилган бўлиб, сирланган кошин ва ўйма мозаика билан безатилган. Пештоқнинг юқори қисмида «Бу улуғвор иншоот Абдулазиз Баҳодир ибн Улуғбек Кўрагон ибн Шоҳруҳ, ибн Амир Темур Кўрагон томонидан 838 (ҳижрий) (1434-1435 йиллар) йилида бунёд қилинган», деган ёзув сақланган. Аслида ушбу пештоқ Мирзо Улуғбекнинг ўзи томонидан бунёд этилган, бироқ кичик ўғли Абдулазиз номига ёздирилган.

Шоҳи Зинда ансамблидаги 36 пиллапояли зинапоянинг чап томонида икки хонадан иборат, икки гумбазли мақбара жойлашиб, унинг бир хонаси зиёратхона, иккинчиси эса даҳмадир. Мақбара Амир Темурнинг энагаси Ўлжой она ва унинг қизи Биби Синабга тегишли бўлиб, ушбу даҳма ҳам Мирзо Улуғбек даврида бунёд этилган, деб ҳисобланади. Шунингдек, Шоҳи Зинда ансамблидаги ўрта гуруҳ ёдгорликларидан бири, саккиз қиррали мақбара ҳам Улуғбек даврида бунёд этилган.

Самарқанд шаҳрининг жануби-шарқий қисмида, ҳозирги Садриддин Айний кўчасида Хўжа Абду Дарун мақбараси жойлашган. Мақбара каттагина жойни эгаллаган бўлиб, у салжуқий турк ҳукмдори Султон Санжар (ХII аср) томонидан бунёд этилиб, Мирзо Улуғбек даврида қайта таъмирланган ва бизгача етиб келган. Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонаси ва у ерда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари олимнинг бизга қолдирган энг катта меросидир. 

Юқорида Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги бунёдкорлик ишларини санаб ўтдик. Кези келганда айтиш керакки, шоҳ ва олимнинг эзгу ишлари фақат Самарқанд билан чекланиб қолмаган. 1420 йилда Бухорода, 1433 йилда Ғиждувонда Мирзо Улуғбек томонидан мадрасалар қуриб битказилган эди. 

Шаҳрисабздаги Дор ут-тиловат ва Дор ус-саодат мажмуалари Мирзо Улуғбек томонидан таъмирланганлиги учун ҳам бизгача етиб келган. Мирзо Улуғбекнинг 1435-1436 йилларда қурилган машҳур Кўк Гумбаз масжиди ҳозир ҳам Шаҳрисабзнинг кўркига кўрк қўшиб турибди. 

Тошкент вилоятидаги Занги ота мақбараси Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилган бўлса, унинг ҳозиргача сақланган пештоқини 1420 йилда Мирзо Улуғбек бунёд эттирган. Тошкент шаҳридаги Чўпон ота мақбараси Тошкентнинг муқаддас қадамжолари сифатида эътироф этилади. Халқ орасида мақбара Мирзо Улуғбек томонидан қурилган деб ҳисобланади.

Мирзо Улуғбекнинг бизга қолдирган моддий-маънавий мероси беқиёсдир. Уларнинг ичида шоҳ ва олимнинг илм-фанга қўйган муҳаббати биз авлодлар учун ҳақиқий ўрнак бўлиши лозим. Айрим хорижий олимларнинг илму-ирфон ҳақидаги ҳикматли сўзларидан кўра Мирзо Улуғбек буйруғи билан унинг Бухородаги мадрасаси пештоқига битилган «Илм-фанга ҳавас қўйиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир» ҳикмати минг марта афзалдир.

Маҳмудхон Юнусов, 

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.