Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарини ёқиб юборган тадбиркор суд-психиатрия экспертизасидан ўтказилмоқда

Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Тўймаевнинг ҳаётига суиқасд қилган тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг кейинги тақдири нима бўлгани қизиқ, албатта.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, Б.Исломов ҳозирда Тошкент шаҳрида суд-психиатрия экспертизасидан ўтмоқда.

Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан юқорида қайд қилинган ҳолат юзасидан 20 июль куни Баҳриддин Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25- ва 97-моддаси 1-қисми билан жиноят ишини қўзғатганди.

Исомовнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, ҳимоячиси Ш.Ғайиров иштирокида гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган. 21 июль куни Исомов Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибда ушланиб, бу ҳақда яқин қариндошларига маълум қилинган ва қариндошлари томонидан олиб келинган кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.

22 июль куни Исомовга айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Айбланувчи қариндошлари томонидан таклиф қилинган ҳимоячиси Х.Жабборов билан холи учрашига шароит яратиб берилган.

Исомовга нисбатан суд-психиатрия экспертизаси тайинланиб, жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судининг 22 июлдаги ажрими билан стационар тартибда суд-психиатрия экспертизаси ўтказиш учун Тошкентга юборилган. Шу куни унга турмуш ўртоғи Нодира Ҳайдарова ва ўғли Шарофиддин Даминов билан учрашув ташкил қилиб берилган.

Таъкидлаш жоиз, тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони бузилмайдиган бўлди. Унинг дўконини бузмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.