Янги иш ўринларини яратиш қоғозда қолиб кетмасин

Жорий йилда Тойлоқ туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида 1698 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача йўлланма билан 1291 нафар фуқаро янги иш жойларига жойлаштирилган.

- Бугунги кунда туманимиздаги ишсизлар, коллеж битирувчилари, меҳнат мигрантлари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари ҳамда одам савдоси қурбонларини ишга жойлаштириш борасида режа асосида иш олиб бор­япмиз, - дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази бошлиғи ўринбосари Шавкат Дониёров. - Жумладан, жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш мақсадида тумандаги барча маҳаллаларда истиқомат қилувчи ишсиз фуқароларни аниқлаб, уларнинг 342 нафарини вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилдик. Кам таъминланган оилалар аъзолари, ногиронлар ва иш топишда қийналаётган шахслардан 32 нафарини квота иш ўринларига жойлаштирдик.

Аммо аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий дастурига кўра, туманда беш ой ичида вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун 678 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган экан. Бу борада режа 50 фоизга бажарилган. Дастурда кўзда тутилган 61 нафар ишсиз ёшларнинг 20 нафаригина қайта касбга ўқитиш марказларида ҳунар ўрганмоқда.

Марказнинг турғун пункти мутахассиси Қ.Тоҳиров ўз ҳудудида тарғибот ва тушунтириш ишларини етарлича олиб бормаганлиги сабабли ишсизлардан қайта касбга йўллаганлардан 3 нафар, ҳақ тўланадиган жамоат ишига эса 22 нафар ишсиз кам жалб қилинган.  

- Анча вақтдан бери ишсиз юрган эдим, - дейди Чароғбон маҳалласида яшовчи Ҳасан Баҳодиров. - Туман бандликка кўмаклашиш марказига иш сўраб мурожаат қилгандим, ўзим яшаётган маҳаллада вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишига қабул қилишди. Мен билан бирга яна уч кишига маҳалланинг ободончилик ишларини ишониб топширишди. Ойлик маоши 610 минг сўм экан. Бу оила тебратиш учун камлик қилади.

2019 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг шу давргача бўлган режаси ҳам ошириб бажарилган, аммо секторлар кесимида оладиган бўлсак, бу кўрсаткичлар пастлиги аён бўлди. Жумладан, туман ИИБ бошлиғига қарашли секторда кўзда тутилган барча режалар бажарилган бўлса-да, туман прокурорига қарашли ҳудудларда биринчи чоракда тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан режадаги 14 та ўрнига 7 та, туман ҳокимига қарашли секторда ҳунар­мандчилик соҳасида 5 та ўрнига 4 та, давлат солиқ инспекцияси раҳбари секторида 6 та ўрнига 4 та янги иш ўрни яратилган, холос. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахс­лар учун 358 та квота иш ўрни яратилиши кўзда тутилган, аммо ҳозиргача уларнинг бор-йўғи 10 фоизидан кўпроғи муқим иш ўрнига эга бўлган.

- Тадбиркорлик қилишни истаган 22 нафар ёшларга «Yoshlar - kelajagimiz» жам­ғармаси томонидан 3,5 миллиард сўмга яқин кредит маблағлари ажратиб берилди, - дейди жамғарманинг туман бўлими бош мутахассиси Темур Шахобов. - Шунингдек, ёшларимизни иш билан таъминлаш мақсадида туманимиз марказида ёш тадбиркор F.Мусинов ҳамда Галаботир маҳалласида Б.Нишонова томонидан "Ёш­лар меҳнат гузари" қурилмоқда. Тез кунларда ишга тушадиган мазкур гузарда нон ва нон маҳсулотлари, тикувчилик, маиший хизмат кўрсатиш ҳамда меҳмонхона соҳаларида 30 та янги иш ўринлари яратилади.

Нодиржон Холов ҳам катта ишга қўл урган тадбиркорлардан. У ўтган йили «Yoshlar - kelajagimiz» жам­ғар­ма­сининг имтиёзли кредит маблағларидан олиб, совун ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона очишга қарор қилган эди. Ҳозирда мазкур корхонада туман бандликка кўмаклашиш марказига иш сўраб мурожаат қилган 10 нафар ёшлар меҳнат қилмоқда.

Жонибек Ашуров ҳам тенгдошлари қатори «Yoshlar - kelajagimiz» жамғармаси томонидан ажратилган 85 миллион сўмлик кредит эвазига мебель жиҳозлари устахонаси ташкил этди.

- Корхонамизда 10-12 турдаги мебель жиҳозлари ясаб, бозорга чиқаряпмиз, - дейди ёш тадбиркор. - Ўзим билан бирга яна учта ёш усталар меҳнат қилади. Маҳсулотларимиз элга манзур бўлиб, янада кўпроқ ишлаб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо бугунги кунга келиб устахонамиз кичиклик қилмоқда. Бир неча марта туман ҳокимлигига қўшимча устахона ва омборхона учун жой ажратиб беришларини сўраб мурожаат қилдик. Икки ойдан бери ваъда беришяпти, аммо ҳалигача ажратилгани йўқ. Ҳозирги жойимизда ижарада турибмиз. Асбоб-ускуналаримизни ўрнатишга жой йўқлигидан маҳсулотларимизни Самарқанд шаҳрига олиб бориб, қирқиб келишга мажбур бўляпмиз.

«Yoshlar - kelajagimiz» жам­ғармаси лойиҳалари асосида олти ой ичида 390 та янги иш ўрни яратилиши керак эди. Аммо Ж.Ашуров каби ёшлар олдида учраётган турли сунъий тўсиқ ва қийинчиликлар сабаб юздан зиёд ёшлар муқим иш жойларига эга бўлолмаяпти.

Аҳоли бандлигини таъминлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири. Шу мақсадда ҳар йили турли лойиҳалар, дастур ва чора-тадбирлар тузилади, аммо уларнинг бажарилиши фақат қоғозларда қолиб кетмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.