Янги китоб: Мирзо Олим Девона Самарқандий ва унинг “Равзаи асрор” достони ҳақида

Олим Девона XIX асрнинг иккинчи ярмида юртимизда камолга етган истеъдодли шоирлардан бири. Аммо ўтган вақт давомида унинг номи ҳам, асарлари ҳам турли сабаблар билан илмий жамоатчилик эътиборидан четда қолди. “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари тўплами”нинг  VII жилдида Олим Девонанинг манғит амирларидан Амир Музаффар ҳукмронлиги даврида (1860-1885 йиллар) амирликда мирохур лавозимида хизмат қилгани ва “Равзаи асрор” достонининг муаллифи эканлиги тўғрисида маълумот берилган. Ижодкор номи айрим тазкираларда ҳам қисқача тилга олинади. Аммо таъкидлаш керакки, шу пайтгача шоирнинг ҳаёт-фаолияти ва ижод намуналари изчил тадқиқ этилиб, бирор бир тўпламда жамланиб, китобхонларга тақдим қилинмаган эди.

Филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Исмат Санаев кўп йиллик тадқиқот ва изланишлардан сўнг шоирнинг ижодий меросини жамлаб, тўплам шаклига келтирди. Китоб “Шарқ” нашриётида “Равзаи асрор” номи билан чоп этилди.

Шоир  туркий тилдан ташқари араб, форс-тожик тилларида ижод қилган зуллисонайн ижодкор бўлган. Унинг ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ маълумотларга “Равзаи асрор” асарида бирмунча ойдинлик киритилган. Унинг туғилган жойи ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо Шаҳрисабз, Самарқанд шаҳарлари зўр иштиёқ билан таърифланадики, шоир ана шу манзиллардан бирида таваллуд топган, деган умумий хулосага келиш мумкин.

Олим Девонанинг “Равзаи асрор” асари Қуръони каримдаги қиссаларнинг энг гўзали дея эътироф этилган “Юсуф” сурасида баён этилган Юсуф ва Зулайҳо воқеаси асосида ёзилган. 57 боб, 4538 байтдан таркиб топган достон муқаддимаси ҳамд, наът ҳамда воқеалар тизмасидан иборат. Ҳар бир боб насрий сарлавҳага эга бўлиб, у қиссанинг моҳиятини очиб бериш учун хизмат қилади. Ғоявий жиҳатдан юксак, бадиий жиҳатдан пишиқ, ҳажман анча йирик бўлган бу асарни адабиётшунослик ва манбашунослик нуқтаи назаридан ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Сулаймон МАРДИЕВ.